ИЛҒОРЛАРГА СОВҒАЛАР

Туманимиз нуронийлари жойларда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш билан бирга,  барчани 2018 йил пахта ҳосилини нест-нобуд қилмай, юксак уюшқоқликда териб олишга даъват этишмоқда.

“Уйчи элита” ғўза уруғчилиги хўжалиги пахтазорларида Розия Абдуллаева, Дилором Қориевалар раҳбарлигидаги 141, 142-отрядларга уюшган ҳашарчилар теримга чиқишди. Мукаррам Нажмиддинова, Матлуба Долимова, Маҳбуба Халилова, Турсунхон Акбарова, Каримжон Бойхонов, Олимжон Қозижонов каби фахрийлар ҳам ташаббус кўрсатиб, пахта теримида фаол қатнашмоқдалар, дуолар қилиб, хирмонга барака киритишмоқда.

****

Пахта йиғим-теримида фаол қатнашаётган илғор теримчиларни рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Дастлабки терим якунларига кўра, энг кўп пахта терган теримчиларга қимматбаҳо совғалар топширилди. Ўтган якшанба куни тўртта сектор ҳудудида илғор теримчи ва ҳашарчилар, отряд раҳбарларини тақдирлашга бағишланган тадбирлар бўлди. Дошқозонда ош дамланиб, туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан концерт дастурлари намойиш этилди. «Уйчи пахта тозалаш» АЖ томонидан ҳам эсдалик совғалари тарқатилди.

Мен раҳбарлик қилаётган 95-отрядга уюшган Ёркатай маҳалласидан ҳашарга чиққан юздан ортиқ теримчи «Анвармирзо Акмалбек» фермер хўжалигининг 30,1 гектар майдондаги пахта ҳосилини териб берди. Биринчи теримда 74 тонна пахта йиғиштириб олинди. Фермер Рустамжон Умрзоқов ишловчиларга етарли шарт-шароитларни яратиб берди.

Зарифа Асқарова, Муҳайё Нормирзаева, Дилбар Ҳожиева, Жамила Жумаева каби оилавий теримчилар 300 килограммгача пахта териб, пешқадамлик қилишмоқда.

Парпибой УЛУХОЖАЕВ,

туман Кенгаши депутати.