НУРОНИЙЛАР САРДОРИ

Акмалжон ота Мажитов айни пайтда Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кекса ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари ҳисобланади. Ўттиз йил савдо соҳасида ишлаб, нафақага чиққан. Турмуш ўртоғи Мавлудахон опа ҳам савдо соҳасида фаолият кўрсатган. Улар беш нафар фарзандни эл-юрт корига ярайдиган қилиб тарбиялашди. Музаффар, Ҳожиакбар – тадбиркор, Малика, Нилуфар – ўқитувчи, Бахтиёр мактабда хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари. 12 набира ҳам сулола анъанасини давом эттирмоқда. Жавоҳир, Жаҳонгир бу йил университет ва институтга ўқишга киришди, Ҳотамжон ҳарбий бўлиш арафасида.

Оиласидан, рўзғоридан ортиб жамоат ишларини ҳам аъло даражада бажариб келаётган Акмалжон ота бирдам тиним билмайди. Атрофига ўзидек ташаббускор, фидойи нуронийларни йиғиб, маҳалланинг иссиғи-ю совуғига бош бўлади. Намунали оила соҳиби Йўлдошбой ота Исропилов тўй-маросимларни тартибли, камчиқим ўтказишда ёрдам берса, Замирахон ая Бозорбоева хотин-қизлар билан ишлаш, оилавий ажримларнинг олдини олишда яқиндан кўмакдош. Улар шу йилнинг ўзида 10 та оилани яраштиришга муваффақ бўлишди.

Маҳаллада тўй-маросимлар анча тартибга келиб қолган. Асосан тўй бир кунда ўтяпти. Қудалар келишувида ҳаммаси бафуржа келишиб олинади. Аввалгидек олди-бердилар камайган, никоҳ маросимида 2 тадан ортиқ машина бўлмайди, тунги соат 21.00 дан кейин базмлар тўхтатилади.

Ҳудуддаги 9, 45-мактаблар, битта мактабгача таълим муассасасига фахрий устозлар Аҳмаджон Ҳакимов, Саодат Жабборовалар бириктирилган. Улар ҳар ойда таълим муассасаларига ташриф буюриб, турли мавзуларда суҳбатлар ўтказишади. Яна бир яхши ташаббус – ҳар уч ойда энг яхши таълим олаётган ўқувчилардан 6 нафари нуронийлар таъсис этган фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирланади.

-Маҳалламизда 556 та хонадон бўлиб, 2555 киши истиқомат қилади, -дейди Дўстлик МФЙ раиси Абдураҳмон Сайдаҳмедов. -171 нафар пенсионер бор. Акмалжон ота бошчиликларида кўп хайрли ишларни амалга оширяпмиз. Жумладан, «Обод хонадон» танловини ўтказиб, ғолибларни аниқладик. «Маърифат» кўчасидан Насибахон ва Маъруфжон Юсуповлар хонадони биринчи, Айнура Исабекова ҳамда Умаржон Ўрмоновлар хонадони иккинчи, Амир Темур кўчасидан Маҳбуба Пўлатова хонадони учинчи ўринларни эгаллади. «Маърифат» кўчасига ҳашар йўли билан 300 метр масофага тоза ичимлик суви тармоғи тортилди, «Маърифат» кўчасида 3 километр, «Бахтли авлод» кўчасида 2 километр йўл шағаллаштирилди.

-Кекса ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлар ҳақида гап кетса, биринчилардан бўлиб Акмалжон ота номини тилга оламиз, -дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгашининг кекса ва фахрийлар ишлари бўйича бош мутахассиси Ҳусниддин Аҳмедов. -Иккинчи йилдирки, отахон барча соҳаларда жонбозлик кўрсатиб, кўплаб ташаббуслар билан чиқяптилар. Фаолиятларини тегишли меъёрий ҳужжатлар ва фотоальбомларда ҳам эринмай акс эттириб борадилар.

– Акмалжон ота ҳар гал бўлимимизга бир янгилик билан кириб келади, -дейди Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон ака Исматиллаев. -Ўзи тинмайди, бошқаларни ҳам тиндирмайди. Бўлимимиз томонидан ўткази-ладиган ҳар бир тадбирда фаол, топшириқларни ўйлаганингиздан ҳам зиёда қилиб бажаради. Бундай фахрийларни биз доим қўллаб-қувватлаймиз ва барчага ибрат қилиб кўрсатамиз.

«Дўстлик»дан қайтар эканмиз, бизга ҳамроҳлик қилган Акмалжон ота келгуси режалари ҳақида сўзлай кетди. Биз ҳам бундай нуронийлар сафи янада кенгайишини чин дилдан истаб, улар билан хайрлашдик.

Муҳаммад АЛИ.