ОММАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДА АДОЛАТ ТАМОЙИЛЛАРИ

Судларда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришнинг ўзига хос жиҳатлари мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4966-сонли Фармони ва Ўзбекистон Республикаси «Судлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунларига мувофиқ 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати янги ташкил этилган маъмурий судларга ўтказилди.

Маъмурий судларга давлат органларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича ишлар тааллуқлидир.

Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 264-моддасига мувофиқ бундай ишларга қуйидагилар киради:

а) жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан берилган шикоятлар;

б) сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар;

в) нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органларининг ҳаракатларини бажаришни рад этганлиги ёхуд уларнинг нотўғри бажарилганлиги устидан берилган шикоятлар;

г) прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш тўғрисидаги аризаси;

д)  ваколатли органнинг жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб берган аризалари;

е) давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризалар бўйича ишлар.

Маъмурий иш кўрилиб, ҳал қилув қарори қабул қилинишида энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баравари миқдоридаги давлат божи, башарти суд фуқаронинг шикояти ёки аризасини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарса, ана шу фуқародан, агар органлар мансабдор шахс хатти-ҳаракатларининг ғайриқонунийлигини аниқлаган бўлса, ана шу орган ёки мансабдор шахсдан ундирилади.

ФПКнинг 270-моддасига кўра судга шикоят билан мурожаат қилиш учун қуйидаги муддатлар белгиланган:

-жисмоний ёки юридик шахсга ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги маълум бўлган кундан эътиборан уч ой;

-жисмоний ёки юридик шахс юқори турувчи органдан, мансабдор шахсдан шикоятни қаноатлантириш ёки рад этилганлиги тўғрисида ёзма маълумот олган кундан эътиборан бир ой ёки шахс ўзининг шикоятига ёзма жавоб олмаган бўлса, шикоят берилган кундан эътиборан бир ой ўтгандан кейин.

Суд шикоятни асосли эканлигини аниқласа, шикоятга сабаб бўлган хатти-ҳаракатни (қарорни) ғайриқонуний деб топади, жисмоний ёки юридик шахснинг талабини қаноатлантириш вазифасини юклайди, унга нисбатан қўллаган жавобгарлик чораларини бекор қилади ёки унинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини қонуний йўллар билан тиклайди.

Б.КАСИМОВ,

туман маъмурий судининг раиси.