СОЛИҚЛАР ЎЗ ВАҚТИДА ТЎЛАНМАСА…

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 272, 287-моддаларига асосан эгалигида солиқ солина-диган мол-мулки ҳамда ер участ-калари бўлган жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғи тўловчилари ҳисобланади. Бунда, агар кўчмас мулк мулкдорининг жойлашган ерини аниқлаш имкони бўлмаса, бу мол-мулк қайси шахснинг эгалигида ва (ёки) фойдаланишида бўлса, ўша шахс солиқ тўловчидир.

Солиқ кодексининг 273, 288-моддаларига мувофиқ солиқ объектларига жисмоний шахс эгалигидаги уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотлар ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда берилган ер участкалари киради.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-3454-сонли қарорига асосан, жорий йилда жисмоний шахсларга тегишли уй-жой, квартира, дала ҳовли иморатлари, бошқа иморат ва иншоотлар учун олинадиган мол-мулк солиғининг умумий ставкаси кадастр қийматига нисбатан 0,2 фоиз миқдорида белгиланди.

Бундан ташқари, бошқа аҳоли яшаш пунктларида жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан ошиқ бўлган турар жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари учун мол-мулк солиғининг ставкаси кадастр қийматига нисбатан 0,25 фоиз миқдоридадир.

Жисмоний шахслар мол-мулкини баҳолаш бўйича органлар белгилаган кадастр қиймати бўлмаса, солиқ ҳисоблаш учун Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 210,0 млн. сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда 90,0 млн. сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати белгиланган.

Мол-мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган, янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулк шартли қийматининг икки баравари миқдоридан келиб чиқиб ундирилади.

Жисмоний шахсларга ҳисобланган мол-мулк ва ер солиқлари жисмоний шахслар томонидан солиқ даври учун ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар тўланади. Эслатиб ўтиш жоизки, Давлат солиқ қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни банкка бормасдан «CLICK», «U-PAY», «MBANK» ва «PayMe» тўлов тизимлари ёрдамида мобиль телефони ёки интернет орқали онлайн режимда тўлаш имконияти яратилган.

Солиқ кодексининг 120-моддасига асосан белгиланган муддатдан кечиктириб тўланган солиқ суммасига ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади.

Анваржон МЎМИНОВ,

туман ДСИнинг солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бўлими бошлиғи.