СОЛИҚ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР

Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармони ижроси ҳамда солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тарғибот гуруҳи вилоятимизда бўлиб, соҳа ходимлари, тадбиркорлар, аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Эътироф этиш жоизки, сўнгги йилларда республикамизда иқтисодий муносабатларни либераллаштириш ва кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари, Президентимизнинг Фармон ва қарорлари амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига қулай солиқ муҳити яратиш ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш тенденцияси сақланиб қолинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тарғибот гуруҳи иштирокида вилоят давлат солиқ хизмати органлари шахсий таркиби билан бўлиб ўтган учрашувда бугунги солиқ ходими теран фикрловчи, соҳага инновацион ёндашувчи ҳамда доимий равишда ўз билим, малака ва кўникмаларини ошириб, инсофли солиқ тўловчига ҳамкор бўлиши зарурлиги эътироф этилди.

Семинар давомида солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, қулай рақобат муҳитини яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, республикамизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш концепциянинг асосий мақсадлари эканлиги алоҳида таъкидланди.

Куннинг иккинчи ярмида вилоятнинг барча туманларидан таклиф этилган тадбиркорлар Уйчи ва Наманган туманларида жам бўлишди. Учрашувда 600 га яқин тадбиркорга солиқ қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидландики, эндиликда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар «Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик Низом» асосида ўтказилади. Низомга мувофиқ, текширувлар тегишли тартибда амалга оширилади. Бир кунлик текширувлар вилоят прокуратураси билан, бир кундан ортиқ бўлган текширувлар Бош прокуратура билан келишилади. Шунингдек, текширув ўтказишни келишиш текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали бажарилади. Чет эл инвестициялари иштирокидаги, хорижий корхоналар, эркин иқтисодий зоналарда жойлашган корхоналарда ўтказиладиган текширувларни келишиш фақат Бош прокуратура томонидан амалга оширилади.

Тадбир давомида тадбиркорлик субъектларидан тушган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.

Баҳромжон ОРЗИБОЕВ,

туман ДСИ бошлиғи.