ҚАДР-ҚИММАТИ САРБАЛАНД
Яратганга беадад шукурлар бўлсинким, жонажон Ўзбекистонимиз Истиқлолининг 27 йиллик шодиёнасини байрам қилдик, қувондик, бахтимиздан масрур бўлдик. Айни чоғда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, тузатишлар, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ҳар жабҳада адолатни қарор топтириш, халқнинг ҳар қандай орзу-истагини рўёбга чиқарилиши масалалари жамият ҳаётида устувор саналаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Ислоҳотлар ичида бир ислоҳот амалга ошмоқдаки, бу қолган барча ислоҳотларнинг жадаллашувига, сифатига муҳим омил бўлмоғи муқаррар. Бу Юртбошимиз қарори асосида миллатимиз ва давлатимизнинг келажаги соҳиблари бўлмиш ёш авлодимиз тарбиясига, таълим олишига, маънавиятига ота-оналар билан баравар масъул бўлган эъзозли зотлар – устозлар ва мураббийларга қаратилган юксак эътибор масаласи.
Қарорга асосан энди устоз-мураббийлар қадр-қиммати сарбаланд бўлади, уларнинг эркинлиги таъминланади, қимматли вақтлари беҳуда қоғозбозликларга, кўча, дала ишларига сарф этилмайди. Моддий манфаатдорликлари юқори бўлади, тирикчилик ташвишларига ўралашиб қолмайдилар. Фаолият самарадорликлари кескин ортади, шогирдлари билими мукаммал, тарбияси намунали бўлади.
Бу ишлар муҳтарам устозларга узоқ йиллардан бери орзу-армон эди. Армонлар ушалди, қалблар сарафроз бўлди ва… албатта, масъулият ҳам ошди, бурчнинг моҳияти юксалди. Энди енг шимариб, ниятни соз қилиб, ўзни ҳар томонлама чоғлаб, қоракўзларимизнинг чинакам етакловчиси ва ғамхўрига айланиб, «отадай улуғ» бўлишга бел боғлаб ишламоқ вақти келди. Чунки, тан олмоқ керак, тарихимизда устозларга эътибор ҳеч қачон бундай даражада бўлмаган.
Тўғри, қадимги устозлар қадр қилинган, ҳурматлари юқори бўлган, аммо уларга шароит яратиш, руҳлантириш бу даражада бўлмаган.
Устозлик, муаллимлик ғоят шарафли, масъулиятли касб. Муаллим хато қилса, яъни шогирдига нотўғри тарбия берса, уни тузатиш амримаҳол. Муаллим олим, у илм эгаси. Олимлар Аллоҳ ҳузурида ҳам юқори мақомдадирлар, улар пайғамбарларнинг ворислари, дейилади.
Устозларнинг масъулияти шундаки, у ўз билим ва тажрибасини муттасил ошириб бормоғи, юрган йўлида, ўтирган жойида, ҳатто тушида ҳам илм, вазифаси, шогирдлари тақдири ҳақида фикрламоғи лозим. Устоз қай шогирдига муҳаббат қўйса, шогирд қай устозига ихлос боғласа, билингки, бу Аллоҳ неъматидир.
Устоз – шогирд муносабатлари инсон зоти яралгандан бошланган ва бу то рўзи маҳшар давом этади. Агар бу муносабат тўхтаса, жамият ҳаёти ҳам тўхтайди. Жамият ривожи илм-фан, техника, касб-ҳунар тараққиётига боғлиқ. Шундай экан, устозлар ўргатаверадилар, тарбиялайверадилар, шогирдлар ҳаётда ўз ўринларини топиб бораверадилар.
Мен жамиятнинг бир аъзоси сифатида 45 йил ўқидим, меҳнат қилдим. Ана шу даврда турли соҳаларда кўплаб устозлардан сабоқ олдим, ўргандим, ўз навбатида устоз сифатида ёшлар тарбиясига баҳоли қудрат улуш қўшдим.
Ҳар гал дуога қўл очсам, менинг одам бўлишим учун қайғурган устозларим Каромат опа Мадраҳимова, Саидлуқмон ака Шарипов, Ҳасанжон ака Мадёров, Набижон ака Абдуллаев, Ҳасанбой ака Мамадалиев, Бойқўзи ака Турдалиев, Олияхон опа Ғаффорова (охиратлари обод бўлсин)лар, профессор Тоштурғун ака Эргашев ва Умматали ака Юнусов (умрлари зиёда бўлсин)лар ҳақларига дуо қиламан.
Ўз навбатида мени устоз санаб йўқлаган, байрамларда қутлаган, кўча-кўйда ҳурмат бажо қилган шогирдларим билан фахрланаман ва уларнинг ҳам ҳақларига дуо қиламан.
Байрамингиз муборак, азиз устозлар!
Ўринбой МЎМИНОВ.

