АЙИРУВЧИ ВОСИТАГА АЙЛАНМАСИН

Одамлар одамни йўқотишдан ҳам кўра телефонини йўқотишдан кўпроқ қўрқадиган бўлиб қолгандай. Меҳр топмасак, унчалик куйинмаймизу интернетга антенна бўлмай қолса, дарров асабийлашамиз. Атрофимиздагилардан кимдир кўринмаса, бошқалардан уни бирров сўраб қўймаслигимиз мумкин, аммо телефоннинг ҳисобини кунига, албатта, текшириб кўрамиз. Бирор яқинимизни хаста деб эшитсак, ундан хабар олишни эртага ёки бошқа кунга суришимиз мумкин, лекин телефоннинг пули тугаса, дарров «Пайнет»га йўл оламиз.

Холбуки, телефонда яхши томонлар кўп, албатта. У орқали одамлар билан мулоқот қиламиз. Шу мулоқотни реалликка кўчириш шунчалик қийинми?

Телефон, интернет яқинлигимизни таъминлаш учун чиқарилган ҳолда айирувчи восита бўлиб қолмасин. Меҳримиз, дийдоримиз табиийлигича қолсин.

Азизлар, бир-биримизни кўрганда, қувончдан порловчи кўзларимизни, табассум барқ уриб турган гўзал чеҳрамизни ва сўз оҳангимизни жонсиз матоҳга увол қилмайлик!

Мумтозбегим ЖАМОЛИДДИНОВА,

19-мактабнинг 10-синф ўқувчиси.