АРОҚНИНГ ҚОРА ҚИЛМИШИ
Инсон зотига ҳайронсан, киши. Ақлли, онгли жонзот сифатида нима яхши-ю нима ёмонлигини билади, аммо амал қилмайди.
Ароқнинг қилмиши қора эканлиги, унга ошно бўлганнинг ҳоли бир кун келиб вой бўлишига исбот-далиллар беҳисоб бўлса-да, одамлар унга ружу қўяверадилар. Ана шундайлардан бири Қ.В. қаердадир «мазза» қилиб, сарҳуш ҳолатда, боз устига автомобилни бошқариш ҳуқуқини берувчи хужжатларсиз Наманган – Уйчи – Учқўрғон йўлининг 27-км.да автомобиль бошқариб келаётганда, соат тунги 1.30 лар чамасида ароқ ўз қилмишини аён этди: машина рўпарадан келаётган Р.С. бошқарувидаги “Нексия”га урилди.
Ҳайриятки, ҳеч ким тан жароҳати олмади.
Мазкур ҳолат шу йил 29 август куни туман маъмурий судининг очиқ сайёр мажлисида кўриб чиқилди. Томонларда даъво йўқлиги, жабрланувчига етказилган моддий зарар айбдор томонидан тўлаб берилганлиги, иккала ҳайдовчи ҳам муқаддам судланмаганлигини ҳисобга олиб, суд айбдор Қ.В. ни икки йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
Шу билан бирга, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-, 135-моддаларига асосан жарималар белгиланди.
Севара ЖАМОЛОВА,
туман маъмурий судининг архивариуси,
Мухторжон ҚОСИМОВ,
туман ИИБ ЙҲХГ катта инспектори, капитан.

