НИКОҲ ТУЗИШ ШАРТЛАРИ

Оила кодексининг 14 ва 15-моддаларига мувофиқ, никоҳ никоҳ ёшига (эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш) етгандан сўнг ихтиёрий равишда тузилади. Муҳим қарор устида ўйлаб кўришлари учун никоҳланаётганларга ариза берилган кундан бошлаб бир ой вақт берилади.

Ҳатто никоҳ расман расмийлаштирилмаган бўлса ҳам, никоҳ ёши тўғрисидаги талабни бузганлик учун МЖТКнинг 47-3-моддасига биноан жарималар белгиланган. Катта ёшли эр (хотин) учун – 10 ЭКИҲгача, ота-оналар учун – 15 ЭКИҲгача, диний маросим ўтказган учун – 20 ЭКИҲгача. Эрга тегишга мажбурлаш эса жиноий жавобгарликка олиб келади (ЖКнинг 136-моддаси).

Бироқ амалдаги нормалар барча муаммоларни ҳал эта олмайди.

Биринчидан, инсонлар ўртасидаги ижобий эмоционал алоқалар – мустаҳкам оила қуришнинг энг муҳим шарти. Бир-бирини яхши билмайдиган одамлардан жамият ячейкасини барпо этиш имкони камаяди. Шу сабабли ариза берилган кундан бошлаб бир ойлик қисқа кутиш муддати ота-оналар хоҳишига кўра тез никоҳдан ўтиш имконини беради. Бу масалада катта авлоднинг ижобий ролини инкор этмаган ҳолда бу муддат буткул номақбул саналади ва оширишни талаб қилади. Айниқса, никоҳланаётганларнинг учрашувлари ҳам тартибга солинганлиги ва миқдори чекланганлигини инобатга олсак, томонлар бир-бирларини яқиндан билишлари учун муддат кўпроқ бўлиши лозим.

Бундай чора хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган. Фикримизча, ариза бериш билан никоҳни рўйхатдан ўтказиш ўртасидаги муддат камида 6 ойни ташкил этиши керак.

Иккинчидан, жамиятда ёшлар унгача оила қуриши шарт бўлган ва ундан кейин эрга тегмай, бўйдоқ қолиш уят саналадиган муайян ёш чеклови ҳақида фикр ўрнашиб қолган. Кўпчилик «вақт келганлиги» учунгина уйланади (эрга тегади). Бунда қонунчиликда никоҳланаётганларнинг бандлиги ва моддий аҳволи ҳисобга олинмайди.

Эрта никоҳдан ўтган аксарият ёшлар ота-онаси у ёқда турсин, ўзларини, эри (хотини), болаларини моддий таъминлашга ҳали тайёр бўлмайди. Замонавий ижтимоий-иқтисодий шароит ана шундай. Ўрта мактабда мажбурий 11 йиллик ўқиш жорий этилиши ўзбекистонлик ёшлар кечроқ – ўрта ҳисобда 20-22 ёшда касб-ҳунар таълими олишларини ҳам инобатга олмоқ зарур (илгари фуқароларнинг аксарияти 19 ёшга келиб коллежларда касб эгаси бўлар эди). Яқин орада 18-19 ёшда мустақил ҳаётга қадам қўйишнинг амалда имкони қолмайди.

Шу сабабли никоҳ ёшини камида 21 ёшгача ошириш мақсадга мувофиқдир.

Нигора ДОСБАЕВА,

туман ФҲДЁ бўлими инспектори.