ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ ҲАҚИДА
Фарзанд Аллоҳ таолонинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичида энг улуғ неъматдир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир», -деб марҳамат қилади.
Фарзанд энг улуғ неъмат бўлиши баробарида омонатдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар бунинг қадрига етмоқлари, бунга шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим-тарбия беришлари ва охир-оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, ўз миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғлон, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос ва садоқат билан адо этишлари лозим бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: «Эй, иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)».
Фарзандларининг ёшлик чоғларидан бошлаб илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилиб, ўқиб, ўрганиб, маълумот ҳосил қилиш орқали ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар бўлиб етишувларига эришмоқ лозим.
Ота-оналар фарзандларини кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя хатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, гўзал хулқ эгаси бўлишларига саъй қилмоқлари ғоят муҳимдир.
Мусохон ЭРГАШЕВ,
“Аҳмад Яссавий” масжиди имом хатиби.

