ЙЎЛКИРА ҚАНЧА?

Ҳозирги давримизни транспортсиз тасаввур этиш қийин. Барча йўналишларда, ҳатто туман маркази атрофидаги кўчаларда ҳам одамларнинг узоғи яқин бўляпти. Аммо шу йилнинг ўзида йўл ҳақининг икки марта ошганлиги ва йўналишнинг масофасига мос келмаётганлиги йўловчиларда норозилик туғдираётганлиги сабабли ушбу мавзуга қўл урдик.

Маълумки, туман марказидан Уйчи – Наманган (13 км.), Уйчи – Чортоқ (5 км.), Уйчи – Жийдакапа (10 км.), Уйчи – Ровот (20 км.) йўналишлари масофаси ҳар хил бўлса-да, олинаётган ҳақ бир хил – 2000 сўмни ташкил этмоқда.

Ўтган йилгача бу йўналишлар нархи 1000 сўм эди, йил бошида 1500 сўмга оширилди. (Бу нархлар “Дамас” русумли  автомашиналарники, енгил автомобиллар 2000 сўмга ташир эди, ҳозир 2500 сўм олмоқда).

Мазкур йўналишларда қатновчи ҳайдовчилардан бунинг сабабини сўраганимизда, улар илгари кунлик тўлов 5000 сўм бўлганлиги, ҳозир бу 27000 сўм қилиб белгиланганлиги ва ёнилғи нархига 100 сўм қўшилганлигини рўкач қилдилар.

Масалага ойдинлик киритиш учун туманда фаолият кўрсатаётган “Музаффар-Ҳамкор транс” ташкилоти мутасаддиларига мурожаат этдик. Ташкилот раҳбари ўринбосари Исроилжон Жўраев бизга қуйидагиларни маълум қилди.

-Туманда одам ташувчи хусусий транспорт воситаларини ўзида жамлаб, уларга раҳбарлик қилаётган корхоналар талайгина. Шу билан бирга, лицензиясиз фаолият кўрсатаётганлари ҳам оз эмас.

Илгари ҳайдовчиларнинг кунлик тўлови 5000 сўм эди, уларга иш ҳақи тўланмасди. Ҳозир уларга ойига 350000 сўм иш ҳақи тўлаймиз, солиқ тўланади, шунингдек, ҳайдовчилар 3 ойга 135000 сўм суғурта ҳам тўлайдилар. Шуларни ҳисобга олиб, кунлик тўлов 27000 қилиб белгиланди. Йўл ҳақини ҳайдовчилар ўзлари келишиб белгилаган.

Ҳайдовчилардан Абдумуталли Абдураҳмонов билан суҳбатда ҳам у юқоридаги мазмунда фикр билдирди.

Масалани чуқурроқ ўрганиш учун “Ўзавтотранс” республика агентлигининг вилоят бошқармаси раҳбари ўринбосари Абдуғаффор Бекзаматовга саволлар  билан мурожаат қилдик.

-Йўлкира миқдори вилоятда нимага асосан белгиланади?

-Вилоят ҳокимининг 2006 йилдаги қарорига асосан йўлкира ҳақи 1 км. масофага 80 сўм миқдорида белгиланган. Бу қарор ҳозир ҳам амал қилмоқда. Аммо ҳозирги олинаётган сумма ноқонуний ҳисобланади. Бизнинг идорада ҳозир  3-4 та ишчи гуруҳи ташкил этилган. Гуруҳлар туманларда, жумладан, Уйчида ҳам назорат ишларини  олиб боряпти. Яқин орада бу ишлар  тартибга солинади.

-Ҳайдовчилар томонидан ортиқча йўл ҳақи талаб қилинса, қаерга мурожаат этиш мумкин?

-Бундай масалалар ҳам бизнинг идорада ҳал этилади. Демак, Ўзавтотранс агентлиги вилоят бошқармасига мурожаат қилинади. Боғланиш телефонлари 227-83-54, 227-77-44.

-Лицензиясиз фаолият юритаётган ҳайдовчиларга қандай чоралар кўрилмоқда?

-Ишчи гуруҳимиз бу масалани ҳам ўрганяпти. Уларни ҳам аниқлаб, солиққа тортиш ва қонуний фаолият кўрсатиши йўлга қўйилади.

-Маълумки, Уйчи тумани шаҳарга яқин бўлгани учун учта олийгоҳ талабалари, лицей, коллеж ўқувчилари ва кўплаб шаҳарда ишловчилар учун анча қийин бўляпти.  Бу масалада агентликда қандай режалар бор?

-Биринчидан, хусусий транспортларнинг йўлкира нархи тартибга олинади, иккинчидан, Уйчи – Наманган йўналишида микроавтобуслар қатновини йўлга қўйиш тадориги кўриляпти. Яқин орада бу ҳал бўлади.

Демак, фуқароларга қатнов масаласида яқин кунларда енгиллик ва қулайликлар яратилишига умид қиламиз.

Ўринбой МЎМИНОВ.