МУАЛЛИМ – БУЮК КАШФИЁТЧИ
(устозлар байрами кунларидаги ўйлар)
Халқимиз азалдан устоз, мураббийларни у қайси соҳада бўлмасин, эъзозлаб келган. Бу анъана истиқлол йилларида янада янгича мазмун касб этди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 14 августдаги қарорлари устозларимиз қадр-қимматини улуғлашда муҳим омил бўлди. Тарихдан маълумки, буюк соҳибқирон Амир Темур пири Мир Саид Бараканинг олдига отдан тушиб, пиёда боришни ўзига фарз деб билган экан. Сўнгги масканини ҳам ул зотнинг пойига васият қилган экан.
Қадрли устозлар! Ҳаёт китобини яратувчи, яшнатгувчи, бизга порлоқ истиқболни очиб берувчи йўлбошчисиз. Инсон қалбини безатишдаги маҳоратингиз ҳеч бир касб эгасида топилмайди. Сизларни юлдузга қиёслагим келади, зотан, ой ва юлдуз қоронғу осмонни ёритса, сизлар чуқур билимингиз билан шогирдлар қалбини мунаввар этасиз. Биз, ёш, ўсиб келаётган авлод, сизларнинг ҳар бир ўгитингиз, сабоғингиз учун чуқур таъзим ва эҳтиром бажо айлаймиз.
Қадимги файласуфлардан бири Эпиктет шундай дейди: «Барча кашфиётлар ичида энг гўзали яхши тарбия кўрган инсондир». Муҳтарам устозлар қўлида яхши тарбия кўрган инсонларнинг саноғи йўқ. Демак, устозларимиз беҳисоб кашфиётлар яратган буюк инсонлар саналади.
Фазилат БОЛТАБОЕВА,
Ёрқўрғон иқтисодиёт ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

