«АНТИҚА БИЗНЕС» ТОПГАН ОЛҒИР
Ўн тўққиз баҳорни эндигина қаршилаган ҳамюртимиз Б.В. кўплар қатори бирор касб-ҳунар, меҳнатнинг бошидан тутиш ўрнига текин даромаднинг ортидан қувишни афзал билди. У ўзганинг мулкига талончилик йўли билан эга чиқишни ихтиёр этди. Қаҳрамонимизнинг биринчи ўлжаси ҳамқишлоғи, мактаб ўқувчиси Е.Ў. бўлди. Б.В. дўстига қўнғироқ қилиб олиш мақсадида Е.Ў.нинг нархи 400 минг сўмлик бўлган қўл телефонини сўраб, қайтариб бермади. Буюм эгасининг илтижоларига парво қилмай, бошқарувидаги автомобилга ўтириб, воқеа жойидан қочиб кетди. Ўзганинг мулкини арзон нархда пуллаб юборди.
Бу «бизнес» унга маъқул келиб қолди ва кейинчалик яна икки танишини шу йўл билан чув туширди.
Бундай қилбирлик, ўзганинг мулкига дахл қилишга жамиятимизда мутлақо ўрин йўқлигини қаҳрамонимиз суднинг қора курсисига ўтиргачгина тушуниб етди. У жиноятига яраша тегишли жазосини олди.
Ж.МАМУРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

