«МЕН ШУ АЗИЗ ВАТАН ФАРЗАНДИМАН»

Маълумки, жорий йилнинг октябрь – декабрь ойларида туманимиздаги барча умумтаълим мактабларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида ана шу шиор остида туркум маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилган. Унда ўқувчи-ёшлар, ота-оналар, ўқитувчилар билан олиб бориладиган тадбирлар, турли хил мавзулар бўйича ёзма ишлар танлови, спорт машғулотлари ва мусобақалари уюштириш, вилоятимизнинг диққатга сазовор жойларига экскурсиялар ташкил этиш, олий ўқув юртлари билан танишиш, ўқувчиларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган учрашувлар, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини шакллантириш мақсадида кино ва қисқа ижтимоий видеолавҳалар намойишини ўтказиш белгилаб олинган. Уч ой давомида ўтадиган мазкур тадбирлар куни, соати, мавзуси, унда иштирок этадиганлар аниқ кўрсатилган. Шунингдек, вилоятимиздаги бир қатор олий ўқув юртлари, тумандаги сектор, ташкилотлар раҳбарлари, маънавият ва маърифат мутасаддилари, мудофаа, ёшлар иттифоқи, оммавий ахборот воситалари, ижодкорлар вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари тадбирларнинг ташкил этилишига бевосита масъул қилиб бириктирилганлар.

Ана шундай тадбирлардан бири 23-мактабда «Мен ҳаётга тайёрманми?» мавзусида бўлиб ўтди. Унда вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи, таниқли шоир Зиёвиддин Мансуров, маҳаллий ижодкорлардан Носиржон Абдулазизов, меҳнат фахрийси Жамолиддин Комиловлар иштирок этишди. Шоир Зиёвиддин Мансуровнинг юртга садоқат, буюк алломалар Ватани бўлган Ўзбекистонда ёшлар таълим-тарбиясига кўрсатилаётган эътибор, бу ғамхўрликларга жавобан муносиб фарзандлар бўлиш, ота-она, устозларни улуғлаш, аёлни қадрлаш, маънавият ва маърифатни юксалтиришга доир мулоҳазалари, ўз ижодидан ўқиган намуналари барчанинг қизиқишини уйғотди.

-«Бир соатлик яхши дарс йирик бир асардир», -деб бежиз айтилмаган, -дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Муяссар Сиддиқова. -Нафақат ўқувчилар, балки биз, устозлар ҳам мазкур давра суҳбатидан завқландик, кўплаб янги маълумотларга эга бўлдик. Бундай тадбирларни изчил давом эттиришни режалаштириб олдик.

Шу куни мактабнинг собиқ ўқувчиси Шокиржон Турғуновнинг илк «Севгимни дунё билсин» китобининг тақдимоти ҳам бўлди. Шокиржон ижодидан намуналар ўқиб берди. Муаллималар Дилором Расулова, Дилфуза Жумабоевалар томонидан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан тайёрланган «Тил – миллат руҳининг кўзгуси» тадбири намойиш этилди, шоирлар Зиёвиддин Мансуров, Малика Бойхонова ижодидан намуналар ўқилди. Иншолар танловида ғолиб чиққан 10-, 11-синфлар ўқувчилари Шоҳида Маҳаммадвалиева, Дилшода Абдулазизоваларнинг ота-оналарига мактаб маъмуриятининг фахрий ёрлиқлари топширилди.

Тадбир ниҳоясида мактаб директори Маҳкамжон Турсунов давра суҳбати иштирокчиларига миннатдорчилик билдириб, бу каби учрашувлар ўқувчиларнинг бир умр ёдидан чиқмаслигини таъкидлаб ўтди.

Муҳаммадали ҚАМБАРОВ,

туман Кенгаши депутати.