ТАНАЗЗУЛГА БОШЛОВЧИ ИЛЛАТ
Дунёда инсоният пайдо бўлиб, давлатлар шаклланганидан буён коррупция давлатни ичидан емирадиган иллат сифатида эътироф этилади.
Тарихга назар ташласак, қадим замонларда ҳам турли мансабдорлар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилгани ва бу жиноятлар ўзига хос тарзда жазоланиб, ҳамма даврларда ҳам қораланганлигининг гувоҳи бўламиз.
Дунёдаги илк қонун, дея эътироф этиладиган «Хаммурапи қонунлари»га кўра, қози ишни кўриб чиқиб, ҳукм чиқариб, муҳри билан ҳужжат тайёрлаб, кейин ҳукмини ўзгартирса, ишдаги даъво миқдорини ўзгартирганликда айбланиб, унга нисбатан жарима тайинланган ва қозилик лавозимидан ҳайдалиб, бу лавозимга бошқа қайтмаслиги белгилаб қўйилган. Муқаддас ислом динида ҳам бу иллат қораланган. Ҳадисларда бировнинг мулкини ноҳақ ўзлаштириб олиш ёки бировнинг ҳақини ўзлаштиришга даъват этиш гуноҳ эканлиги таъкидланади.
Коррупция ХХ асрнинг иккинчи ярмидан халқаро муаммо сифатида жаҳон ҳамжамияти нигоҳида пайдо бўлди. Ҳатто жаҳоннинг энг юксак нуфузга эга идораси, дея тан олинган БМТ 9 декабрни «Халқаро коррупцияга қарши кураш куни» деб эълон қилди. Коррупцияга қарши курашиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим шартлари сирасига киради. Чунки бу жирканч иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг иқтисодий таназзулига йўл очади. Жамият иқтисодиётини яширин равишда емиради. Унинг энг аянчли оқибати эса халқнинг давлат органларига нисбатан ишончини сусайтириб, қонунлар устуворлигини заифлаштириб қўяди. Бу жиноятга қарши курашда жамоатчилик назорати кўп ҳолларда ижобий натижа бериб, уни камайтиришга эришишда муҳим омил бўлади. Давлатимиз 2008 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенцияга қўшилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 4 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни бизнинг мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши муросасиз курашишда асосий ҳужжатдир. Мазкур Қонун ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлидан бораётган давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Коррупцияга қарши курашишда доимо огоҳ бўлиб, ҳар бир давлат хизматчиси ёки ҳар бир фуқаро ўз ишига виждонан ёндашса, коррупциянинг аянчли оқибатларини тушунса, бу жиноятнинг олдини олишга эришиб борилади.
Санобар ТЎРАБАЕВА,
фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг судьяси.

