УМРНИ ҒАНИМАТ БИЛАЙЛИК
Маълумки, исломнинг оламшумул илоҳий таълимоти кишилик жамиятини бу дунёда тинч-омон, фаровон ҳаёт кечиришга, охиратда саодат аҳлидан бўлишга даъват этади. Оила ва фарзанд жамиятнинг узвий асоси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ислом шариати уларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол тарбия топишлари, ёшликдан илм-фан, касб-ҳунар эгаллашлари борасидаги кўрсатмаларни ота-оналар, мураббийлар ва устозларга тавсия қилади. Шу боис фарзандларимизнинг қизиқишлари, ақлу заковатлари, иқтидорларига мос илм, касб-ҳунар эгаллашларида имкон борича ёрдам беришимиз зарур. Ёшлар олтиндан қимматли вақтларидан ҳар томонлама унумли фойдаланишлари мақсадга мувофиқдир. Зеро, бу ҳақда Сарвари коинот (САВ): «Ёшлигингизни кексалик келишидан олдин ғанимат билинг», -деб унинг қадрига етишни таъкидлаганлар.
Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсон феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, бу даврда уларга алоҳида аҳамият бериб, солиҳ кишилар билан дўст-биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз (САВ) ҳадисларининг бирида: “Яхши ҳамсуҳбат мисоли мушки анбар сотувчидир. Атридан олмаган тақдирингда ҳам унинг хушбўй ҳиди димоғингни чоғ қилади”, -деганлар.
Аллоҳ таоло мўминларни рост сўзловчи кишилар билан бирга бўлишга буюрган: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!» (Тавба,119)
Ҳадисда айтилишича, ростгўйлик инсонни доимо яхшиликка чорлайди. Онгида ростгўйлик, вафодорлик ва фидойилик каби тушунчалар ўрнашган ёшлардан келажакда кўплаб хайрли ишлар кутиш мумкин. Ҳасан Басрий (РА) бир куни ёшлар тарбиясига эътиборни жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: «Эй, кексалар! Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?» -деб савол бердилар. «Ҳосил йиғиб олинади», -дейишди. Шунда Ҳасан Басрий: «Эй, йигитлар! Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат етиши мумкин», -деб кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши, унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишга ишора қилдилар. Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу паллада уларни илмга ва касб-ҳунарга тарғиб қилиш лозим.
Пайғамбаримиз (САВ): «Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир, кексаликда ўрганилган илм эса сувга ёзилган кабидир», -деганлар.
Мусохон ЭРГАШЕВ,
«Аҳмад Яссавий» масжиди имом хатиби.

