ЎЗБЕГИМНИНГ ЎЗЛИГИ

11 октябрь куни кеч соат 21.00 ларда «Узрепорт» телека-налида «Советское поле славў» («Советларнинг шон-шуҳрат майдони») фонди директори, ёзувчи Ремко Рейдинг билан журналист мулоқоти бўлди. Мазкур фонд Иккинчи жаҳон уруши асоратларини, бедарак кетганларни, оммага маълум бўлмаган воқеаларни юзага чиқариш билан шуғулланар экан. Унинг фаолияти давомида кўплаб ўзбек жангчиларининг қабрлари, ҳужжат ва буюмлари, қаҳрамонликлари ҳам аниқланибди.

Ремко Рейдинг йиллар ўтиб аниқланган бир воқеани айтиб бердики, эшитиб ҳам хўрлигим келди, ҳам фахрландим. Воқеа бундай бўлган экан:

1942 йил фашистлар ўз армиясининг энг кучли эканлигини исботлаш ва душманлари (яъни, СССР)нинг аскарлари кучсиз ва пароканда эканлигини ўз аскарларига кўрсатиб, руҳлантириш мақсадида бир концлагерда 101 нафар ўзбек асирларини бир ҳафта овқат бермай, оч қолдирган. Сўнг кинокамераларни ўрнатиб, миллатдошларимиз томон бир буханка нонни ирғитганлар. Мақсадлари асирлар (улар наздида «ёввойилар») нон талашиб, бир-бирини ўлдиришларини тасвирга олиб, «енгилмас аскар»ларига намойиш этиш бўлган.

Тупроққа беланиб ётган нонга (бир ҳафта туз тотмаган бўлсалар-да) ҳеч ким ташланмаган. Бироз вақт ўтгач, асирлардан ёшроғи – бир йигит нонни олиб, чангини пуфлаб, кўзига суртиб, ёши катта (яъни, ҳурматли) миллатдошига берган. У эса бир буханка нонни барчага баравар тақсимлаб берган. Фашистлар ниятига ета олмаган.

101 нафар ўзбек ўғлони душманни ўз матонати, иродаси, ҳамжиҳатлиги ва сабр-бардоши билан маънавий жиҳатдан мағлуб этган экан.

Бугунги дориломон замонда ҳам қонимизда бўлган эзгу сифатларни, ҳамжиҳатлигимизни, ўзлигимизни, ўзбеклигимизни ҳар қадамда намоён этмоғимиз бизнинг бахтимиз, юртимиз учун курашганлар руҳи олдидаги ҳам қарзимиз, ҳам фарзимиздир.