ҚУЛЛИККА ГИРИФТОР БЎЛМАНГ
Одам савдоси жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган жиддий муаммолардан биридир. Ҳудуд ва чегара танламайдиган ушбу жиноятга қарши самарали кураш олиб боришда давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий-меъёрий база яратилган.
Маълумки, Конституциямизнинг 28-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Ўз навбатида, юртимизнинг хорижий давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик, очиқлик ва дўстлик сиёсати изчил мустаҳкамланиб бораётгани, туризмнинг кенг ривожланаётганлиги натижасида нафақат юртдошларимизнинг хизмат сафари, бизнес масалаларида, даволаниш ва дам олиш учун хорижга чиқишлари, айни чоғда чет эл фуқароларининг ҳам Ўзбекистонга сафарлари кўлами кенгайиб бормоқда.
Бу, ҳеч шубҳасиз, истиқлол берган имкониятлардан биридир. Бироқ айрим кимсалар бу имкониятлардан ўзларининг жирканч мақсадлари йўлида фойдаланаётгани, яъни одам савдоси сингари қабиҳ иллатга қўл ураётган ҳоллар ҳам учраб туради.
Аср балоси бўлмиш одам савдосининг қурбонига айланмаслик, шубҳасиз, ҳар бир кишидан огоҳлик ва ҳушёрликни талаб қилади.
Зеро, одам савдосига қарши курашиш, ушбу жиноят қурбонларини ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари, албатта, комплекс характерга эга. Шунинг учун давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш муҳим аҳамиятга эгадир.
Воҳиджон НИШОНОВ,
туман прокурори ўринбосари.

