БАРКАМОЛЛИК САРИ

Ўзбекистонимиз Алпомишлар, Мангубердилар, Паҳлавон Маҳмудлар юрти бўлганлиги боис ҳар бир даврда ёш авлоднинг жисмоний етуклигига жиддий эътибор  қаратиб келинган. Бу ишга ҳозирги  давримизда янада кенгроқ ва кўпроқ аҳамият бериляпти. Натижалар эса барчамизни қувонтирмоқда. Юртимиз боксчилари, курашчилари, футболчилари эришаётган натижалар барчамизни ғурурлантирмоқда.

“Йўл харитаси”да ҳам спорт машғулотларини ва мусобақаларини ташкил этишга, жисмоний маданият ва спортнинг оммавийлигини, ёш авлод тарбиясига ижобий таъсирини ошириш кўзда тутилган.

Мактабимизда мазкур вазифани бажариш учун режа асосида спорт тадбирларини ўтказмоқдамиз. Жумладан, 5-синфда шахмат-шашка, 6-синфда арғамчида сакраш, 7-синфда “Қувноқ стартлар”, 8-синфда стол тенниси, 9-синфда волейбол, арқон тортиш, 10-синфда баскетбол бўйича мусобақалар ташкил этилди. Бу жараёнда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга, спортга қизиқишларини орттиришга ва маҳоратли спортчиларни аниқлашга эришиб бормоқдамиз. Ўқувчиларимиздан Илёсбек Ҳусанов (футбол), Алишер Акбаров (баскетбол), Шаҳноза Насимжонова (енгил атлетика), Руҳшона Эрмирзаева (волейбол)лар ўз маҳоратларини намоён этдилар.

Айни кунларда «Ёшлик» спорт мусобақаларининг 5 та спорт тури бўйича мактаб босқичи бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, “Йўл харитаси”га биноан ҳафтада уч кун аҳоли саломатлигини таъминлаш, фуқаролар, айниқса, уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун маҳаллалар, кўчалар ўртасида мусобақалар ўтказяпмиз.

Абдукарим СОДИҚОВ,

жисмоний тарбия фани ўқитувчиси.