ОЧИҚ ДАРСЛАР ОРҚАЛИ

Наима Собирова мактабимизнинг иқтидорли муаллималаридан. У ёш бўлса-да, билими, янгиликка интилувчанлиги, замонавий ахборот коммуникация технологияларидан унумли фойдалана олиши билан ажралиб туради. У миллий ғоя фани туркумига кирувчи фан ўқитувчилари билан ҳамкорликда 5-синфларда «Менинг Ватаним» мавзусидаги давра суҳбатининг мазмунли ва таъсирчан усулда ўтилишида ҳам фаоллик кўрсатди. Қолаверса, унинг она тили ва адабиёт фанидан «Гап бўлаклари» мавзусидаги интерфаол усулда, мусобақа тарзида ўтган очиқ дарси ҳамкасблар томонидан юқори баҳоланди.

Ҳафиза ТОЖИБОЕВА,

она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

******

Бугунги кун ўқитувчиси ижодкор, шу билан бирга, чуқур билимли бўлиши шарт. Ҳамкасбим Насиба Ҳожиматова меҳнат фаолияти давомида бунга алоҳида этибор қаратади. У 3-синфлар учун «Ўжар тошбақа», «Қайсар бузоқча», «Уч ўғил»,  математика фанидан «Тенгламалар ечиш», «Йиғиндини сонга бўлиш», она тилидан «Сўз туркумлари», 4-синфлар учун математикадан «Тўғри чизиқларнинг параллеллиги», «Ёзма қўшиш усуллари», «Кўпёқлар», табиатдан «Сайёралар» каби мавзуларда дарс ишланмалари яратган. Тажрибали устоз ҳар жиҳатдан ўрнак бўлиб келмоқда. Яқинда 4-синфда математика фанидан «Тўғри чизиқларнинг параллеллиги» мавзусидаги очиқ дарсини ҳам намунали тарзда ўтиб берди. Машғулот жараёнида ўқитувчининг маҳорати, ўқувчилар ҳозиржавоблиги ҳар биримизнинг эътиборимизни тортди. Муаллима ушбу дарс жараёнида ўқувчиларга кўплаб маълумотлар беришга ҳаракат қилди, техника воситаларидан, кўргазмали қуроллардан самарали фойдалана билди.

Муножат ДАМИНОВА,

бошланғич синф ўқитувчиси.

******

Бошланғич таълим билимларнинг пойдевори ҳисобланади. Бошланғич синфда яхши таълим-тарбия олган бола юқори синфда ҳам қийналмайди, фанларни тез ўзлаштиради, билимга чанқоқлиги билан ажралиб туради. Шу боис ҳам бошланғич синфларда дарс жараёнларини турли замонавий услубларда ташкил этишга, очиқ дарс машғулотларининг бир-бирини такрорламаган ҳолда ўтилишига эътибор қаратяпмиз. Она тили ва адабиёт фани ойлиги доирасида «Чиройли ёзув» танловини ташкил этдик. Унда 2, 3, 4-синфлар ўқувчилари ўртасида Шодиёна Абдумаликова, Гуласал Баҳодирова, Дилнавоз Аҳмаджонова, Мадина Ҳабибуллаевалар биринчи ўринни эгалладилар. Шунингдек, Матлуба Абдуллаева томонидан 2-синфда ўқиш фанидан ташкил қилинган «Энг яқин дўстимиз» мавзусидаги очиқ дарс машғулотини оммалаштиришга тавсия этдик.

Гулчеҳра СОДИҚОВА,

бошланғич синфлар бўйича метод бирлашма раҳбари.