САВОДХОНЛИКНИ ОШИРИБ…
Қадимда: «Ҳуснихат – ярим ризқ», -деган ибора бўлган экан. Ҳақиқатдан ҳам, чиройли ва саводли ёзув соҳиби ҳар жабҳада доимо керак бўлади. Шунинг учун мактабимизда ўқувчиларимизнинг ёзуви ва саводхонлигига алоҳида аҳамият берилади.
Она тили ва адабиёт дарсларининг талаб даражасида ўқитилиши ўқувчиларнинг бошқа фанларни ўзлаштиришларида ҳам қўл келади. Чунки чиройли ва бехато ёзган, нутқи равон, сўзамол ўқувчи ҳар қандай ўқиган материалини кўнгилдагидек ўзлаштиради.
Жамоамизда ижроси таъминланаётган “Йўл харитаси”даги вазифалар орасида турли хил мавзулар бўйича ёзма ишлар танловини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг яна бир боиси шуки, адабий, ижодий ва эркин мавзуларда иншо, баён ёзиш жараёнида ўқувчиларнинг ёзма нутқи, саводхонлиги, ҳуснихати, мустақил фикрлаши ривожланади.
Синфлар бўйича белгиланган диктант, баён ва иншо мавзулари ғоят долзарб бўлиб, уни ёзиш жараёнида бугунги ёшларнинг ижодий тафаккури, шахсий фикр-мулоҳазалари, мавзу бўйича умумлашма хулосалар чиқариш қобилиятлари намоён бўлдики, бу ёшларимизнинг ўзбекона дунёқарашларининг шаклланиб боришига хизмат қилмоқда.
Шу мақсадда 5-6-синфларда «Одоб фазилатлари», «Одоб – инсон безаги», 6-синфларда «Ўзбегим» қасидаси ҳақида» диктант, 7-синфларда «Ўзбекистон – ягона Ватан», «Ватанни мардлар қўриқлайди», «Она юртга муҳаббат» мавзуларида баён, 8-синфларда «Ота макон, она тупроқ», «Ватан муқаддас», 9-синфларда «Қалб гўзаллиги – инсон зийнати», «Эзгулик ва тўғрилик», 10-синфларда «Оилам – кичик Ватаним» мавзуларида иншолар ёзилди. Бу ёзма ишлар танловида диктантлар бўйича Зуҳра Насимжонова, Гулҳаё Олимжонова, баён ёзишда Дурдона Баҳриддинова, Дилноза Собирхонова, иншолар танловида эса Одина Раҳмонбердиева, Ирода Абдужабборовалар ғолибликка эришдилар.
Ёзма ишлар бўйича белгиланган тадбирлар давом этмоқда. Ғолибларни якун бўйича тақдирлаш ва оммавий ахборот воситаларида ёритиш режалаштирилган.
Олмахон ЁҚУББОЕВА,
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

