ТААССУРОТЛАРИМИЗ КАТТА
«Мен шу азиз Ватан фарзандиман» шиори остида ўтаётган туркум маънавий-маърифий тадбирлар мен қатори барча тенгдошларимни бефарқ қолдирмаяпти, десам асло янглишмайман. Авваллари ҳам шундай тадбирларда бевосита қатнашганмиз. Аммо бугунгидай кенг қамровли, ранг-баранг, сермазмун тадбирлар бўлмаган. Яъни кўп тадбирлар мактабимиз доирасидагина ўтказиларди.
Давра суҳбатларида вилоятимиздаги бир қатор ташкилотлар, олий ўқув юртларининг масъул раҳбарлари, олимлар, таниқли инсонлар, ижодкорларнинг иштироклари бизда уларга нисбатан ўзгача ҳавас уйғотмоқда. Улардек Ватанга муносиб кадрлар бўлиб етишиш учун чуқур билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш лозимлигини англаб етяпмиз.
Менга маъқул бўлган тадбирлардан яна бири вилоятимизнинг диққатга сазовор жойларига уюшган ҳолда экскурсияларга борилишидир. Хусусан, Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Тўра Ибрат мажмуасига саёҳат, бу ердаги боғ, музей, мактаб-интернатдаги завқли ва унутилмас учрашувлар менинг ёдимдан асло чиқмайди. Бундай тадбирлар изчил давом этишини истардим.
Дилфуза АСҚАРАЛИЕВА,
10-«Б» синф ўқувчиси.

