ТЎЙДА ҲАММА ЯЙРАСИН

Жонажон Ўзбекистонимиз – тинчлик, барқарорлик мамлакати, бахтиёрлар Ватани, тўйлар юрти.

Аллоҳ қай юртдошимизга фарзанд ато этса, хаёлига биринчи тўй қилиш келади, ўз-ўзидан ҳаракатга тушади. Ўзбегимнинг энг бахтли онлари тўй кунлари, десак хато бўлмайди.

Муҳтарам Президентимизнинг ўз вақтида чиқарган қарорлари самараси ўлароқ тўйларимиздаги менталитетимизга нохос бўлган қусурлар барҳам топяпти. Дабдаба, исрофгарчилик, манманлик ҳеч қачон фойда бермаган. Халқимиз маънавиятли, ориятли бўлгани боис ҳақиқатни тушуниб етяпти.

«Нур бор жойда соя бор», -дейдилар. Аммо нур атрофдан кучли таралса, соялар йўқолади. Демак, нур(яхши ишлар)ни кўпайтирсак, соя(камчилик)лар барҳам топаверади…

Ўтмишни қўмсашдан йироқман. Аммо айтишга масъулман. Илгари тўйларда қўшиқчи ёнида 3-4 нафар созанда бўлиб, улар миллий чолғулар жўрлигида, миллий, мумтоз ва шўх қўшиқларни жонли ижро этардилар. Овоз кучайтиргичлар ҳам ортиқча шовқинсиз бўлардики, кўнгиллар яйрарди.

Қадим табобатимизда доира, ғижжак, най, дутор каби чолғу асбоблари орқали беморлар даволангани манбаларда битилган. Демак, миллий мусиқамиз руҳиятимизга ижобий таъсир этади, вужудимиздаги ҳар қандай ғам-андуҳни чиқариб юборади. Абдуҳошим Исмоилов ғижжакни «сайратган»да томошабинларнинг қалблари қанчалик сарафроз бўлганини кўп кўрганмиз.

Узоққа бормайлик, Уйчимиз фарзандлари Зокиржон Турсунов, Муҳаммаджон Нишонов, Рустамжон Мамадалиев, Каримжон Иброҳимовлар соз ушламай қўшиқ айтмаганлар, ҳеч қачон фонограмма қилмаганлар. Ҳозир ҳам шундай.

Замон зайлими, техника тараққиётими, билмадим, бугунги тўйларда бундай ҳолатни кўрмаймиз. Бугун бир киши ҳамма ишни «боплаяпти»: «санъаткор» ҳам ўзи, машшоқ ҳам ўзи, овоз созловчи ҳам ўзи. Қўшиқлар фонограмма! Репертуар ҳам терма: енгил-елпи (баъзан ғашга тегувчи), тумтароқ хорижий қўшиқлар.

Рўйхатда мақом қўшиқлар, мумтоз, халқ қўшиқлари, тўйбоп термалар, яллаларга ўрин берилмаган. Демак, миллийлик руҳи кўринмайди. Бунисига майли, десанг, аппаратуранинг шовқини соғни касал, касални ўсал қиладиган даражада. Маҳаллада тўй бўлса, безиллаб қолдик. Шу куни ҳеч қайси хонадонда тинчлик йўқ: чақалоқ ухлолмайди, беморда ором йўқолади, намозхоннинг намози бузилади. Тўйхонада эса одамлар бир-бирларига қўлларини карнай қилиб гаплашадилар. Айниқса, мусиқалардаги «гуп-гуп» юракларни ларзага келтириб, ритмини издан чиқариб юборади. Ҳеч ким «Ҳой, буни сал пастроқ қўй. Одамларнинг соғлигига зарар», -демайди. Ахир, тўйхонадагилар эшитса, бўлди-да! Нима, маҳаллада дув-дув гап бўлиши шартми?! Безор бўлган ҳар қандай одам: «Ҳе-е тўй қилмай…» -деб юбориши турган гап. «Санъаткор»нинг фаросатига келмаса, тўйхонада зиёлилар, шифокорлар, маҳалла фаоллари бор-ку! Нега индамайдилар?!

Аслида ҳукумат халқ саломатлиги, тинчлиги йўлида бу масалада ҳам ўз қарорини чиқарган экан: турли тадбирлар, байрамлар, тўйларда мусиқа овози 55 децибелдан ошмаслиги белгилаб қўйилган. Шундай экан, мусиқа овозини 55 децибелдан ошириб юбориш қонунбузарлик ҳисобланади. Мазкур қарор, демак, қайсидир мутасаддининг папкасида ижросини кутиб ётибди. Ҳа, яна бир гап: илгари маданият бўлими тумандаги тўйга борувчи қўшиқчиларнинг бошини қовуштириб, фаолиятини тартибга солиб, репертуарини белгилаб берардики, ҳамма иш рисолада кечар эди. Бугун шу тадбирни қўллаш ғоят зарур бўлиб қолди.

Азиз юртдош! Тўй ўзи бўлмайди, йиллаб йиғиб-териб қилинади. Шундай экан, тўйдаги ҳар бир расм-русум, элга хизмат, жумладан, маданий хизмат рисолада, кўнгилдагидай, дуолар оғушида, хурсандчиликларга бой тарзда амалга ошмоғи лозим.

Ҳеч кимга малол келтирмай, «гумбур-гумбур»ларсиз, «дув-дув гап»ларсиз шинам, ёқимли, энтикиб эслаб юриладиган тўйлар қилайлик.

Алалхусус, тўйларда хизмат қилаётган санъаткор дўстларимизга бир чимдим маслаҳатимиз бор: миллий қўшиқчилигимиз фондида халқимиз дилидан чуқур жой олган, умрбоқий, пурмаъно қўшиқлар бисёр. Уларни қунт билан ўрганиб, сўзи-ю мусиқасига путур етказмай, ижро этишга ҳаракат қилинг. Бу йўлда асло эринманг. Халқ олдига имкон қадар соз билан чиқиб, жонли ижро этинг, дуо ва олқиш оласизки, бу сизга обрў-эътибор келтиради.

Овоз кучайтиргични меъёрида қўйингки, одамларга малол келмай, ҳузур бахш этсин.

Ўринбой МЎМИНОВ.