МАЪРИФИЙ УЧРАШУВЛАР
«Мен шу азиз Ватан фарзандиман!» шиори остида ўтаётган маънавий-маърифий тадбирлар нафақат умумтаълим мактабларида, касб-ҳунар коллежларида ҳам уюшқоқликда ташкил этилмоқда.
Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежида уюштирилган «Олижаноблик – олий қадрият» мавзусидаги учрашувда коллеж директори Абдумажид Отабоев, ижодкор Ўринбой Мўминов, меҳнат фахрийси Абдимуталли Нажмиддинов, «Уйчинома» газетаси муҳаррири Муҳаммадали Қамбаровлар иштирок этиб, мавзуга доир қизиқарли маълумотлар беришди, ҳаётий тажрибаларидан мисоллар келтиришди. Коллежнинг собиқ битирувчиларидан Дурдона Абдуғаниева, Нигора Ҳайдаровалар сўзга чиқиб, бугунги кунда олиб бораётган фаолиятлари ҳақида тўхталдилар, устозлардан олган билимлари учун миннатдорчилик билдирдилар. Уларга коллеж маъмуриятининг эсдалик совғалари топширилди.
Худди шундай маънавий-маърифий тадбир 41-мактабда ҳам қизиқарли ва мазмунан бой тарзда ўтди. Унда шоира, «Мураббий» газетаси муҳаррири Дилбар Ҳайдарова, «Ниҳол» мукофоти совриндори Бекзод Баҳромов, ёш ижодкор Машҳура Аҳмаджонова, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари Эътиборхон Юнусовалар қатнашдилар. «Мен севган касб» мавзусидаги мулоҳазалар, шеърхонлик, жонли ижродаги қўшиқлар, ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар барчада катта қизиқиш уйғотди ва катта таассуротлар қолдирди.
Мактаб директори Алишер Тошпўлатов бундай тадбирлар анъанавий тарзда давом этишини билдирди.
СЕРМАЗМУН ЎТМОҚДА
Жорий йилнинг 15 октябридан туманимиз мактабларида «Мен шу азиз Ватан фар-зандиман!» шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу «Йўл харитаси» ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналар билан ишлаш йўналишларини қамраб олган. Мактабимизда ҳам ўқувчи-ёшларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг қалбида Ватанга меҳр-муҳаббат, тинчликни қадрлаш, аждодлар хотирасига ҳурмат, ўзликни англаш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида давра суҳбатлари, «Одобнинг фазилатлари», «Ватан ҳимоячиси», «Юртнинг юраги», «Оилам – кичик Ватаним», «2030 йилдаги Ўзбекистон менинг тасаввуримда» каби мавзуларда диктант, баён ва иншолар танлови, «Қувноқ стартлар», шахмат ва шашка, армрестлинг мусобақалари ўтказиб келинмоқда. Ушбу тадбирлар иккинчи чорак якунига қадар давом этади. Тадбир сўнгида ғолибларни тақдирлаш тантанаси бўлиб ўтади.
Матлуба ХОЛМОНОВА,
37-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.
******
БИЛИМ ВА ОДОБ БИРЛИГИ
Билим даргоҳимизда «Мен шу азиз Ватан фарзандиман!» шиори остида 5-7-синфларда «Менинг Ватаним», «Ватан меҳрдан бошланади», «Ватанга садоқат», 8-9-синфларда «Олижаноблик – олий қадрият», 10-11-синфларда «Оила ва ҳаёт», «Мен танлаган касб», «Мен ҳаётга тайёрманми?» мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Бунда ташкилий тарғибот гуруҳи томонидан мактаб ўқувчилари билан очиқ мулоқот ўтказилиб, ҳаётий мисоллар орқали одоб-ахлоқ ва билим олишнинг муҳимлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Суҳбатларда Олий Мажлис Сенати аъзоси Одилжон Маматкаримов, Наманган муҳандислик-технология институти муаллимлари Дилбархон Исоқова, Раънохон Исоқовалар қатнашишди. Ёшларимизнинг Исҳоқхон Тўра Ибрат мажмуасига саёҳати уюштирилди.
Маҳмуда АҲМАДАЛИЕВА,
11-мактаб кутубхоначиси.
******
ЯХШИДАН ҚОЛГАН БОҒ
Ўқингиз, илму ҳикмат, сизга бу иш катта ибратдир,
Агар илм ўрганурсиз, барча ишда сизга нусратдир.
Исҳоқхон ИБРАТ
Мактабимизнинг тарих фани ўқитувчиси Лайло Маҳкамова 10-«А» синф ўқувчилари билан шоир ва олим, ношир ва педагог, бутун ҳаётини Ватан ва миллат манфаатига, унинг истиқболига бағишлаган Исҳоқхон Ибрат ҳаёти ва фаолиятига бағишланган адабий кеча тайёрлади. Ўқувчилар Ибрат бобомизнинг ўз халқини маърифатли, зиёли бўлиши учун жон куйдириб, олис ўлкалардан литографик машина олиб келиб, «Исҳоқия босмахонаси»ни ташкил этгани, кўплаб шеърлар ва «Олти тилли луғат», «Тарихи Фарғона» каби бир неча асарлар яратгани, мактаб, кутубхона ҳамда катта боғ бунёд қилгани ҳақида сўзлаб бердилар.
Келгусида буюк аждодларимизга муносиб фарзанд бўлиб, юртимиз номини кўкларга кўтаришга аҳд қилишди.
26 октябрь куни мактабимизнинг 6-11-синфлари ўқувчилари бугунги кунда кўпчилик тилига тушиб улгурган Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатга саёҳат уюштирдилар. Ўқувчиларимиз у ерда яратилган шароитлар билан танишиб, қизиқишлари ортиб, келажакда шу илм даргоҳида ўқиш учун икки босқичли тест синовларига тайёргарлик кўришга бел боғладилар.
Сайёра АҲМАДАЛИЕВА,
Наима МАМАДИЕВА,
25-мактаб ўқитувчилари.
******
ЮҚОРИ САВИЯДА
Ўқувчи-ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, уларнинг онги ва қалбида Ватанга муҳаббат ҳиссини шакллантириш ҳозирги даврда таълим муассасалари олдидаги долзарб вазифалар саналади.
Мактабимизда шу мақсадда ва ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш учун «Мен шу азиз Ватан фарзандиман!» шиори остида семинар ўтказилди. Унда Наманган муҳандислик-технология институти проректори М.Қаюмов, туман халқ таълими бўлими мудири Ш.Муродов, туман мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, маҳаллалар фаоллари, фахрий педагоглар, ота-оналар қатнашдилар.
Семинар режаси асосида М.Маҳкамова қатнашчиларга психологик тренинг, синф раҳбарлари Ш.Исломова, Н.Тўрабоева, О.Шодмонова маънавият соатлари, Н.Жўраева, М.Ҳошимова тўгарак машғулотлари, жисмоний тарбия ўқитувчилари «Қувноқ стартлар» мусобақаси ўтказдилар. Мазкур машғулотлар ғоят қизиқарли ва юқори савияда ташкил қилинди.
Семинар давомида она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари К.Эгамбердиева, Ш.Мелибоева ўқувчилар иштирокида «Биз жиноятчиликка қаршимиз», «Мен шу азиз Ватан фарзандиман» мавзуларида адабий-бадиий тадбир намойиш этдилар.
Мактабимиз жамоаси келгусида бундай маънавий-маърифий тадбирларни янада сермазмун ташкил этиб боради.
Марҳабо НУРИДДИНОВА,
Жаҳонгир ШАРИПОВ,
5-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари.
******
ТАРҲИБОТ ТАДБИРЛАРИ
Туман «Баркамол авлод» болалар маркази педагог ходимлари томонидан туманнинг чекка ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактабларида тарғибот олиб борилди. Ўқувчиларни йўналишлар бўйича қобилиятлари, хоҳиш-истакларини ўрганиш мақсадида давра суҳбатлари ўтказилди.
Тадбирлар жараёнида ўқувчилардан сўровномалар олинди. Уларнинг қандай касб-ҳунарларга қизиқишлари ҳақида суҳбатлар уюштирилди.
Мактаблар маъмуриятлари билан ўқувчиларнинг бўш вақтларини ташкил этиш бўйича режалар белгиланди, илғор тажрибалар ўртоқлашилди.
Мастура АҲМЕДОВА,
марказ услубчиси.

