ОИЛАЛАРГА СЕВИНЧ УЛАШИБ…
Туман марказий касалхонасининг туғруқхона бўлимидан ҳар куни одам узилмайди. Янги меҳмон – чақалоқ дунёга келар экан, ота-она, бобо ва бувиларнинг севинчини кўриб, шодланасан киши. Шундай тинч, осуда замонда яшаётганингга шукроналар келтирасан.
Бўлимимизда уч юзга яқин киши меҳнат қилади. Шулардан 11 нафари врач, 180 га яқини ўрта тиббиёт ходими бўлса, қолганлари техник ходим ҳисобланади. Катта бир жамоани бошқариш, ҳар бир ходим, қолаверса, беморлар, уларнинг ортидан келадиган фуқароларнинг қалбига йўл топа олиш, дардига малҳам бўлиш осон эмас. Буни билган билади, билмаган…
Жамоамизга Дилфузахон Насриддинова раҳбар бўлиб келган пайтдан буён унинг фидойилиги, қатъиятли, талабчан, бардошли, адолатли ва меҳрибонлиги, ҳаммага бир хил муносабатда бўлишини кўриб, шундай жамоада ишлаётганимдан қувонаман.
Мен каби оддий ходимларнинг кўнгилини кўтариб, жамоа учун кераклигимизни, меҳнатимизни қадрлаш зарурлигини айтиб, ҳар биримизнинг ўрнимиз борлигини таъкидлайдилар. Қолаверса, фахрий доя Дилбархон Сайфиддинова, акушер гинеколог Марҳабохон Каримова, Фотимахон Каримова, Муҳайё Ҳабибуллаева, Муборакхон Назарова, Нилуфар Ҳайитмирзаева, Гулчеҳра Исмоилова, чақалоқлар постидан Саидахон Исмоилова, Дилфуза Ҳожимирзаевалар кечани кеча, кундузни кундуз демай, қачон чақирсангиз «лаббай» деб туришади. Катта ҳамшира Қумрихон Турсунова, ҳамширалар Гўзалхон Жўраева, Гулихон Султонова, Маҳфуза Расулова, Замира Рустамова, Шаҳло Турсунова, Мавжуда Мирзабоеваларнинг қўли енгил, улардан кўпчилик миннатдор.
Бўлимнинг озода ва покиза бўлишида, беморлардан тез-тез хабар олиб турилишида Фотима Мирсултонова, Замира Ғофурова, Зарифа Бобомирзаева, Мастура Каримова, Зиёда Юнусова, Юлдуз Қосимова, Азиза Валиева кабилар доимо ҳамкасбларига ўрнак. Жамоамизда бундай касбига садоқатлилилар яна кўплаб топилади. Уларнинг ҳар бири ҳақида самимий фикрлар билдириш мумкин.
Дилфузахон Насриддинова бошчилигидаги аҳил жамоамиз бир мақсад – она ва бола саломатлигини таъминлаш, ҳар бир оилада соғлом гўдак кулгиси янграши, оилаларга севинч улашиш йўлида меҳнат қилмоқда. Тиббиёт ходимлари куни байрами арафасида оз бўлса-да, уларнинг кўнглини кўтариб, айём билан табрикламоқчиман. Ҳамиша халқ хизматида бўлиб, дуо олиш насиб этсин сизларга.
Нурхоной НИШОНОВА,
туғруқхона бўлими ходими.

