ЭЛ САЛОМАТЛИГИ – ОЛИЙ МАҚСАД

Мамлакатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2857-сонли қарорига асосан тумандаги мавжуд қишлоқ  врачлик пунктлари ўрнида 7 та оила поликлиникаси (ОП) ташкил этилди ва 4 та қишлоқ врачлик пункти (ҚВП) ўрнида қолдирилди. Натижада қишлоқ оила поликлиникаларида ҳам умумий амалиёт врачлари қатори терапевт, хирург, акушер-гинеколог, педиатр, УЗИ врачлари ҳам фаолият кўрсатмоқда. Бу аҳолининг туман марказига келиш, навбат кутиб қолишининг олдини олмоқда. Шунингдек, туманимизнинг Мевазор, Даҳиякота ҳудудларида шифокорлар уйи ташкил этилди.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш мақсадида ҳудудий бўлимлар, ОП ва ҚВПларнинг моддий техника базасини яхшилаш, тиббиёт ходимлари малакасини чет эл ва Республика клиникаларида ошириш, оналар, болалар ва ўсмирларнинг тиббий назоратини кучайтириш, касалликларнинг олдини олишда режали профилактик эмлаш, ўлим ҳолатларини камайтириш, исталмаган ҳомиладорлик, бирламчи ногиронликнинг олдини олишда скрининг текширувидан ўтказиб бориш, онкологик касалликлар ва бошқа масалалар кўзда тутилган бўлиб, туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида скрининг бўлими ташкил қилинди. Бу мақсадлар учун маҳаллий бюджетдан 426,2 млн. сўм маблағ сарфланди.

Чет эллардаги юқори малакали мутахассислар билан ҳамкорликни ўрнатиш ва биргаликда амалиётлар ўтказиш, консультатив диагностика ёрдамини ташкил қилиш, ёш кадрларни ўқитиш масалаларида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Туман ҳокимлигининг ёрдами билан 2 нафар ходимимиз (реаниматолог, кардиолог) Россия давлатининг Челябинск шаҳридаги тиббиёт марказида 2 ҳафталик малака ошириш курсида таҳсил олди.

Бирлашма тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари ва бўлимларида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш учун режа ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич муассасалар таъминланмоқда. Бу мақсадлар учун 1861 млн. сўм маблағ сарфланди.

Касалликларни олдиндан аниқлаш, уларни масофадан профилактика қилиш имконини берувчи «Ақлли тиббиёт» ва «Ягона тиббий маълумотлар маркази» концепцияларини мавжуд шароитларга мослаштириш, татбиқ этиш бўйича кўп тармоқли марказий поликлиникада «Электрон поликлиника» ташкил қилинди. Бу мақсадлар учун 16,5 млн. сўм маблағ ажратилди.

Инвестиция дастурининг 2018 йилги режасига асосан тиббиёт бирлашмаси ҳудудидаги 35-сон оила поликлиникасида мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Бу мақсадлар учун 1,5 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, аҳолига яна бир қулайлик яратилди. Шу билан бирга, инвестиция дастурига асосан Жийдакапа оила поликлиникаси биносида мукаммал қайта қурилиш ишлари олиб борилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, манзилли дастурга Гулистон, Ахси қишлоқ врачлик пунктлари ва 31-сон оила поликлиникаси киритилиб, тўла таъмирдан чиқарилди.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда алоҳида ўрнак кўрсатиб келаётган тиббиёт ходимлари – бирлашма бошлиғи ўринбосари Маҳаммадюсуф Раҳмонов, координатор Орифжон Солиев, болалар бўлими мудири Ҳилола Солиева, ички касалликлар бўлими мудири Тоҳиржон Мусахонов, гинекология бўлими мудири Маҳмудахон Маматхонова, болалар юқумли касалликлар бўлими мудири Рустамжон Эргашев, силга қарши кураш диспансери мудири Эгамберди Акролов, Ахси ҚВП мудири Дилбархон Қаюмова, 31-сон оила поликлиникаси мудири Иқболхон Шерматова, бирлашма бош ҳамшираси Лобархон Машрапова, 33-сон оила поликлиникаси патронаж ҳамшираси Муқаддасхон Каримова, Ёркатай ҚВП катта ҳамшираси Феруза Маҳкамова, реанимация бўлими катта ҳамшираси Ферузахон Сотиболдиеваларнинг хизматлари эътирофга лойиқ.

Фурсатдан фойдаланиб, барча тиббиёт ходимларини, фахрийларни байрам билан самимий табриклайман.

Насибахон РАСУЛОВА,

туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи.