ЯНГИЛИККА ИНТИЛИБ…
Бугунги кун ёшлари учун катта имкониятлар эшиги очилган. Фақат ундан оқилона фойдаланиш, чуқур билим олиб, касб-ҳунар эгаллаш лозим.
Мен Хўжаободдаги 37-мактабда ўқиб юрган кезларимдан бошлаб мактаб, туман миқёсида ўтказиладиган турли маънавий-маърифий тадбирларда ўз ижод намуналарим билан доимо фаол қатнашиб келаман. Миллий байрамларимиз, Ватан ҳимоячилари, Конституция куни, «Маънавият ва маърифат ойлиги»да турли мавзудаги суратларим кўпчиликнинг эътиборини тортган. Ўтган йили мактабни тамомлаб, Наманган қурилиш ва дизайн касб-ҳунар коллежига миллий этнографик ва бадиий либослар дизайнери йўналиши бўйича ўқишга кирдим. Бу ерда устозим Соҳибахон Шамсиддиновадан дизайнерлик сир-асрорларини пухта ўрганяпман. Тасвирий санъат, натюрморт, портрет, манзара, рангтасвир йўналишларида ўз ижодимни бойитиб боряпман. Хотин-қизлар, ёш келинлар учун атлас ва адрасдан миллий либослар коллекциясини яратдим.
Шу йили Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган «Миллий ва замонавий либослар» мода ва дизайн фестивалининг вилоят босқичида фаол иштирокчи деб топилдим. Вилоят ҳокимлиги, вилоят маънавият ва маърифат кенгаши, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан ўтказилган «Юксак маънавиятли авлод» республика фестивалининг вилоят босқичида «Ўз асарида миллийликни акс эттирган дизайнер» номинацияси бўйича биринчи даражали диплом билан тақдирландим. Бу менга катта масъулият юклади, ўз устимда тинмай изланиш, янгиликка интилишга ундади.
Яқинда Наманган шаҳрида бўлиб ўтган Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни саралаш босқичида маданият йўналиши бўйича иштирок этдим ва ғолибликка эришиб, кейинги босқичга йўлланма олдим.
Мен каби ёшларнинг ижодий қобилиятимиз ва салоҳиятимиз ёрқин намоён бўлишида юқоридаги каби фестиваль ва танловларнинг аҳамияти катта. Бундан, албатта, оқилона фойдаланишимиз зарур.
Моҳинур БАҲОДИРОВА,
Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзод.

