ВАТАН ФАРЗАНДИ БЎЛАЙЛИК!

Ҳар қандай ижодкор ўз асарини ҳаётда кўрган, билган, руҳиятига таъсир этган воқеа-ҳодисалардан кенг фойдаланган ҳолда ёзади. Воқеалари ҳаёт ҳақиқатидан йироқ асарлар унчалик ўқимишли бўлмайди. Қайси ёзувчининг ҳаёти турли-туман воқеаларга бой бўлса, унинг асари ҳам халқчил  бўлади.

Мен яқинда болалар адабиётининг йирик вакили, болажон адиб Худойберди Тўхтабоевнинг ҳаёт йўли билан танишиб чиқдим. Маълум  бўлдики, Худойберди бобо Фарғона вилоятидаги Катта Тагоб қишлоғида туғилган. Бу жаннатмакон қишлоқ  одамлари ҳазил-мутойибага ўч, латифагўй инсонлар бўлиб, халқ оғзаки ижодини яхши билган, қизиқиш билан айтувчилар кўп экан. Ёзувчи гўдаклигида отадан етим қолиб, имон-эътиқодли бувиси  қўлида тарбия топган. Адибимиз шундай эслайди: «Менинг болалик ва ўсмирлик даврим уруш йилларига тўғри келган. Ота-онасиз қолган ҳамқишлоқларимнинг  ўкинч ва армонларини эшитганман. Ўғлидан «қора ҳат» келган оналарнинг кўксини  юлиб додлаганларини, акасини интизор кутаётган  сингилларни, эридан жудо бўлган ёш-ёш жувонларни кўрганман». Ёзувчимизнинг асарларида ана шу мудҳиш кунлар ўз аксини топганига китобхонлар шоҳид.

Мен бу инсон асарларини ўқир эканман, ҳаётда ҳеч бир одамга бахт, толе, омад, бойлик ўз-ўзидан келмаслигини, бунинг учун ҳаракат, меҳнат, иштиёқ, интилиш кераклигини, ҳар бир  ишимиз одамларга, Ватанга яхшилик қилишдан иборат бўлмоғи лозимлигини англаб етдим.

Менга  таъсир қилгани шу бўлдики,  ёшлигида оғир аҳволда, шароитсиз бўлган ёзувчимиз матонат билан меҳнат қилиб, эл ардоғидаги инсон бўлиб етишди. Ҳамма шароитга эга, кам-кўстсиз ҳаётга мушарраф бўлган бизлар нима қиляпмиз?! Бу савол жавоби менга анчайин оғир келди. Азиз тенгдошим! Сиз нима қиляпсиз? Умуман, қай биримиз ота-оналаримиз умидини, халқ ишончини оқлаяпмиз?

Улуғ инсонлардан, ибратли умр соҳибларидан ўрнак олайлик, билим, илм эгаллаб, ҳаётда ўрнимизни  топайлик. Ватан фарзанди бўлайлик!

Моҳизода МУРОДИЛЛАЕВА,

7-мактаб ўқувчиси.