МАЪНАВИЙ ОЗУҚА
Фарзандларимиз вояга ета бошласа, яхши кунларга, тўйга деб ҳар биримиз сарпо йиғамиз. Аммо улар орасида: «Эртага келиним ёки ўғлим мана бу ишларни билиши лозим. Мана бу китобни ўқиши шарт», деб уларга атаб китоб харид қилишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.
Севимли ёзувчимиз Тоҳир Маликнинг «Шайтанат» романидаги бир эпизод менга жуда қаттиқ таъсир қилган. Беҳисоб давлатга эга бўлган Асадбек ўғлини уйлантиради. Америкадан келган янги меҳмон, яъни келин уй шароити билан танишиш асносида кутубхонамиз қайси уйда жойлашган, деб сўрайди. Қимматбаҳо мебеллару хориж гиламлари ва бебаҳо биллур идишлар билан жиҳозланган хоналарнинг ҳеч бири унинг эътиборини торта олмайди. «Уйимиздаги кутубхонами?» -деганича каловланиб қолган, ундан бу саволни кутмаган Зайнаб нима деб жавоб қилишни билмайди. Бу ҳаётий ҳақиқат.
Баъзан чексиз-чегарасиз орзу-ҳаваслар учун исталганча пул топамизу, китобга келганда қиммат экан, дея баҳона қиламиз. Аммо биз харид қилган китоб нафақат ўзимиз, керак бўлса, бир неча инсон учун катта маънавий озуқа эканлигини ҳар доим ҳам ёдга олавермаймиз.
Донишмандлардан бири «Энг яхши тарбия – бу намуна кўрсатишдир», -деб айтган. Агар ҳар бир ота-она оилада ўз фарзандларига китоб ўқиб, намуна кўрсатса, уйимизда ўзимизнинг мўъжазгина бўлса-да, кутубхонамиз бўлса, ёшлар китоб ўқимай қўйди, деб нолиб ўтиришга ҳожат ҳам қолмайди.
Нилуфар СИДДИҚОВА,
29-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.

