МУТОЛАА ЗАВҚИ
Китоб номли тафаккур қасрига иззат-эҳтиром билан қадам қўймоқ лозим. Китоблар қалбни ёритади, инсонни юксакликка кўтаради, кучига куч қўшади, энг яхши орзу-истакни уйғотади, ақлни чархлайди. Бир сўз билан айтганда, китоблар донишмандликка йўллаш қуролидир.
Эсимни танибманки, китобга ошноман. Қўлимга тушган китоб ёки газетани охиригача ўқиб битирмагунимча тинчимайман. Илк китобни менга бувижоним совға қилганлар. Китоб жавонимда Зулфия, Ҳамид Олимжон, Чингиз Айтматов ва бошқа ижодкорларнинг китоблари бор. Мен севиб ўқийдиган китоблардан бири халқ оғзаки ижоди «Орзигул» асаридир. Уни ўқиганимда бир қизнинг бошидан кечирганлари, мардлиги, ақллилиги, тўғрисўзлиги, бошига тушган қийинчиликни сабр билан енггани менда кучли таассурот уйғотди. Орзигулни комил инсон сифатида танидим.
Китоб ўқиган инсон билмаган нарсаларни ўрганади, қалбда Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларга меҳр-оқибат туйғулари камол топади. Кўплаб ёшларда телефон бор, ота-оналар қиммат телефон олиб беришади, фарзандлари қандай фойдаланаётганини назорат қилишмайди, телефон орқали зарарли сайтларга кирмай, ундан китоб ўқиш мумкин. «Ақл ақлдан қувват олади», -деган гап бор.
Азиз тенгдошлар, бўш вақтимизнинг қадрига етайлик, зеро, вақтни ортга қайтариб бўлмас. Китоб замонларни замонларга боғлайдиган асосий воситадир. «Китобсиз уй – қалбсиз танага ўхшайди», -деган экан буюк донишмандлардан бири. Китобсевар дўстларимга омад тилайман, мутолаа завқи сизни асло тарк этмасин.
Фазилат БОЛТАБОЕВА,
Ёрқўрғон иқтисодиёт ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

