ОТАМДЕК БУЮКСИЗ, ОНАМДЕК АЗИЗ!

Барча кашфиётлар ичида энг гўзали яхши тарбия олган инсондир, деган экан донишмандлардан бири. Ана шундай инсонларга таълим-тарбия бериб, уларнинг ҳаётда ўз йўлларини топиб олишларига кўмак берадиган инсонлар эса, шубҳасиз, устозлардир. Шунинг учун халқимиз устозни отадек улуғликка, онадек азизликка муносиб деб билади. Немис олими Дисвергнинг шундай фикри бор: «Ҳар қандай таълим ва тарбияда энг асосий фигура – муаллим, унинг тафаккур дунёсидир».

Дарҳақиқат, устозлар туфайлигина инсонда муомала маданияти, ахлоқий тарбия шаклланиб боради. Устозлик касбини игна билан қудуқ қазишга тенглаштирадилар. Устозлик касбига муносиб бўлиш одамдан кучли масъулият ва тинимсиз изланишни талаб этади. Бу сўзлар ҳар гал дилимдан ўтганда, кўз ўнгимда мен каби шогирдларнинг неча-нечасини эл-юрт хизматига ҳозирлаган, улуғ инсон – устозим Комилжон Абдуллаев гавдаланади. Устознинг шахси, фазилатлари, хизматлари-ю шогирдлари ҳақида  республика аҳли бохабар десам, муболаға бўлмайди. Уйчи туманида туғилиб, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаб, узоқ йиллик педагогик фаолиятида НамДУ филология факультети декани, университет қошидаги 1-академик лицей директори ўринбосари, 2-академик лицей директори каби бир қатор масъулиятли лавозимларда ишлаган устозимга шундай дегим келади: «Қадрли устоз, сиз бизга нафақат таълим, балки соф инсоний фазилатлардан ҳам сабоқ бердингиз. Бор билимингизни бизга улашишдан толмадингиз, ютуқларимиздан қувондингиз. Барча шогирдларингизнинг баркамол инсон бўлиб шаклланишида, жамиятда ўз ўрнини  топишида ҳиссангиз беқиёс. Жамики муваффақиятларимиз замирида сизнинг машаққатли меҳнатингиз мужассам! Сиз самимий, ўз шогирдлари камоли  учун тунларни тонгларга улаб меҳнат қиладиган инсонсиз!

Устоз! Сиз ҳақингизда қанча гапирсам, қанча ёзсам-да, қалбим тубида бўлган самимий эҳтиром асло тугамайди. Буюк шоир Алишер Навоий ҳам устозлик юксак шараф эканлигини шундай сўзлар билан таърифлаган:

Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Сизга, Уйчи туманида фаолият юритиб келаётган барча устоз педагогларга юксак ва шарафли, масъулиятли ишларида муваффақиятлар тилайман.

Санобар ТЎРАБОЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг судьяси.