ҲАҚДОРЛАР ЖАВОБГАР БЎЛИШДИ

Туман маъмурий судида кўрилган иш пул олди-бердиси билан боғлиқ муаммо. Фақат қарз олиб қайтармаган у ёқда қолиб, ҳақдорлар жавобгар бўлиб чиқди. Қанақасига бундай дейсизми?

Хуллас, «Н»лар оиласига бир вақтнинг ўзида икки ҳақдор К.П. ва Қ.Ҳ.лар ташриф буюришади ва ҳақларини талаб қилишади. Қарздор оиладан бу гал ҳам тийин унмаслигини англагач, «мол аччиғи – жон аччиғи» қабилида иш тутишади. Маҳалланинг тинчини бузиб, бақир-чақирни авжига чиқаришади. Оқибатда жамоат тартибини ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда айбдор, деб топилишди.

Суд ҳар икки ҳуқуқбузарга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларини қўллаб, энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдоридаги 344480 сўмдан жарима жазоси тайинлади.

Шундай қилиб, К.П. ва Қ.Ҳ. ҳақларини ундириш қолиб, қўшимча харажатга тушадиган бўлишди. Жамоат жойида фуқаролар осойишталигини бузиш юқоридаги каби оқибатларга олиб келишини  унутмайлик.

Мунаввар ОХУНОВА,

туман маъмурий суди архив мудири,

Азизбек МИНГБОЕВ,

судья ёрдамчиси.