КЎРГАЗМАЛИЛИК АСОСИДА

Иккинчи йилдирки, мактабгача таълим муассасаларида қисқа муддатли гуруҳ(ҚМГ)лар ташкил этилиб, унга 5,6,7 ёшли болалар жалб қилинмоқда. Ушбу гуруҳлар болаларни мактабга тайёрлашда катта аҳамият касб этяпти.

24-мактабгача таълим муассасасида ташкил қилинган гуруҳда 40 нафар бола тарбияланади. Тарбиячи Муаззам Норбоева кунига 5 соатдан машғулотлар олиб бориб, уларнинг билимларини бойитмоқда. Ҳар бир ой ўзига яраша номланган. Сентябрь – «Она юртим Ўзбекистон», октябрь – «Олтин куз» деб номланиб, ой давомида турли тадбирлар, машғулотлар олиб борилди. Ноябрь – «Транспорт, кўча ҳаракати, ҳаётий фаолият, хавфсизлик қоидалари» ойи муносабати билан муассасада туман семинари ташкил этилди. Муаззам Норбоева томонидан ўтилган очиқ машғулотда болалар йўл ҳаракати қоидалари, светофор, йўл-патруль ходими, кўчаларда транспорт ва йўловчининг ҳаракатланиши жараёнларида бевосита қатнашдилар. Суратлар асосида тайёрланган кўргазмалардан фойдаланиб, тарбияланувчилар туман марказидаги «Мустақиллик боғи»га расмлар танловида қатнашиш учун йўл олишди. Бу қизиқарли жараёнлар семинар иштирокчиларини ҳам бефарқ қолдирмади.

Семинар якунида мусиқа раҳбари Атика Мамадалиева, тарбиячи Асилахон Арибхоновалар томонидан  концерт дастури ҳавола қилинди.

Туман МТМнинг ҚМГлар бўйича метод бирлашма раҳбари Д.Қўчқорова, муассаса мудираси Д.Ҳусановалар  ноанъанавий усулларни кенг қўллаш бўйича тавсиялар беришди.