ТАРАҚҚИЁТ ДУШМАНИ

Тинчлик – бебаҳо неъмат. Бугун буни барчамиз чуқур ҳис қилиб турибмиз. Чунки хориж давлатларида содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари, террорчиларнинг хунрезликлари қанчадан-қанча кишиларнинг ёстиғини қуритмоқда. Болаларни ота-оналаридан, яқинларидан айирмоқда. Бошпанасиз, оч-наҳор қолишларига сабаб бўлмоқда.

Маълумки, ҳозирги глобаллашув замонида мамлакатлар, халқлар ўртасида кўплаб ижобий муносабатлар билан бирга, миллий менталитетимизга салбий таъсир этувчи ҳолатлар ҳам учраяптики, уларнинг оқибати кўпинча нохуш, ҳатто аянчли якун топмоқда. Шундай ҳолатлардан бири бугун дунё миқёсида ёйилган одам савдоси балосидир. Бу балонинг бошида турганлар кексани ҳам, ёшни ҳам, қизу аёлни ҳам, болани ҳам сотяпти. Афсуски, одамфурушлар бизнинг миллат орасида ҳам мавжудки, у ўз ватандошини, танишини, тўғри келса, дўсту қариндошларини ҳам сотиб юбормоқда.

Куни кеча Уйчи маиший хизмат ҳамда Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежларида туманда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, диний вазиятни барқарорлаштириш, одам савдосининг олдини олиш мақсадида «Диний экстремизм ва терроризм – тараққиёт душмани» мавзусида тарғибот тадбири бўлди.

Дастлаб йиғилиш олдидан “Ватанфурушлар қисмати”, «Ўқигану уқмаганлар», «Ўзбошимча чаламуллалар», «Ўзбошимча отинчалар» видеороликлари йиғилганларга намойиш этилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари Санжар Кулмурадов, вилоят ИИБнинг диний эктремизмга қарши курашиш бўйича ходими Шерали Эргашевлар вилоятимиз ҳудудидан чет давлатларга мустақил равишда иш излаб бориб, диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолаётган фуқароларимиз хусусида тўхталиб ўтдилар.

Шунингдек, йиғилишда туман бош имом ҳатиби Исроилхон Қирғизбоев Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Эътиборхон Юнусова, ёшлар вакиллари сўзга чиқиб, мамлакатимизда осойишталик ва тинчликни сақлаш учун барчамиз бирдек масъуллигимиз, Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш зарурлигини таъкидладилар.

Шуҳратжон ҲОЖИМИРЗАЕВ,

1-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.