ФАРЗАНД ТАЪМИНОТИГА БЕФАРҚ БЎЛМАНГ
Юртимизда вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз шахсларнинг ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари қонунчиликда тартибга солинган. Ҳеч кимга сир эмаски, тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан муайян чора-тадбирлар кўрилаётганига қарамасдан миллий анъаналаримизга хос бўлмаган никоҳнинг бекор қилиниши салмоқлилигича қолиб, бу эса, ўз навбатида, алимент тўлаш билан боғлиқ жиноятларнинг ўсишига олиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 январдаги 459-сонли Қонуни таҳририда, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 474 ва 475-моддалари билан тўлдирилиб, 474-моддасида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши, 475-моддасида эса вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шу каби маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида қўшимча ва ўзгартиш киритилди.
Эндиликда шахс маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида алимент тўламаса, жиноий жавобгарликка тортилиши, хусусан, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаганликда эса 123-моддасига асосан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.
Ж.МАМУРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

