ЭНДИ ГУНОҲДАН ТЎХТАРСИЗ?
Бир киши Иброҳим Адҳамнинг олдига келиб: «Эй Абу Исҳоқ, нафсим ҳаддидан ошиб кетди, гуноҳ ишлар қилиб қўйяпман, сизда нафсимни гуноҳ-маъсиятлардан тўхтатадиган бирор нима борми?» -деди. Иброҳим: «Агар мендан бешта хислатни қабул қилсанг ва уларни бажара олсанг, сенга бирорта ҳам гуноҳ зарар бера олмайди», -деди. У: «Айтинг, эй Абу Исҳоқ», -деди. Шунда Иброҳим: «Биринчиси: агар Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан гуноҳ қилмоқчи бўлсанг, Унинг ризқини емагин», -деди. У: “Унда ризқни қаердан оламан, ахир Ер юзидаги барча нарса Унинг ризқидан-ку!” -деди. Иброҳим: «Ўзинг ўйла, Унинг берган ризқидан еб туриб, яна Унга гуноҳ қилишинг яхшими?!»-деди. У: «Йўқ, иккинчисини айтинг», -деди. Иброҳим: «Агар Унга нисбатан гуноҳ қилмоқчи бўлсанг, Унинг ерида истиқомат қилма», -деди. У: «Эй Иброҳим, буниси аввалгисидан ҳам қийинроқ-ку! Ахир Машриқу Мағриб ва булар орасидаги ҳамма жой Уники бўлса, унда мен қаерда яшайман?» -деди. Иброҳим: «Ўзинг ўйла, Унинг берган ризқидан еб туриб, Унинг ерида яшаб туриб, яна Унга гуноҳ қилишинг яхшими!?» -деди. У: «Йўқ. Учинчисини айтинг,» -деди. Иброҳим: «Агар Унга нисбатан гуноҳ қилмоқчи бўлсанг, У кўрмайдиган жойни топиб, ўша ерда гуноҳ қилгин», -деди. У: «Эй Иброҳим, қандай қилиб бундай бўлиши мумкин? Ахир у Зот барча сирлардан хабардор, қалбдаги яширин нарсаларни ҳам билади-ку, Унга бирор нарса махфий эмас-ку!»-деди. Иброҳим: «Эй биродар, ўйлаб кўр, Унинг берган ризқидан еб, Унинг ерида яшаб турган бўлсанг ва яна У сени кузатиб турган бўлса, Унга гуноҳ қилишинг яхшими?!» -деди. У: «Йўқ. Тўртинчисини айтинг», -деди. Иброҳим: «Агар жонингни олиш учун ўлим фариштаси келса, сен унга: «Кейинга қолдириб тур, тавба қилиб олай», -дегин. У: «Ўлим фариштаси менинг бу гапимни қабул қилмайди», -деди. Иброҳим: «Агар ўлимнинг кечикмасдан, тўсатдан келишини билсанг ва тавба қилиб олиш учун уни ортга суришга имконинг бўлмаса, қутилиб қолишни қандай умид қиласан?!» -деди. У: «Бешинчисини ҳам айтинг», -деди. Иброҳим: «Агар қиёмат куни сени дўзахга олиб кетиш учун забониялар (яъни азобловчи фаришталар) келишса, улар билан бормагин», -деди. У: «Улар бунга кўнмайдилар-ку!» -деди. Шунда Иброҳим: «Ундай бўлса, қандай қилиб нажотдан умид қиласан?!» -деди. У: «Эй Иброҳим, етарли бўлди, менга шу кифоя, энди Аллоҳга истиғфор айтаман ва тавба қиламан», -деди.
«Кўҳна дунё ривоятлари» китобидан «Даҳиякота» масжиди имом хатиби в.б. Комилжон ОТАМИРЗАЕВ таржимаси.

