БЕҚИЁС ҒАМХЎРЛИК
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор йўналишлардан бири бу ижтимоий соҳани ривожлантиришдир.
Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 декабрда «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5597-сонли Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармон билан 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб барча тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсиялари тўлиқ миқдорда тўланади. Бу эса, ўз навбатида, кекса ёшдаги фуқароларга пенсияга чиққандан кейин ҳам мамлакатимизнинг жамоат ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тенг иштирокини таъминлашга, ёшларга ўзларининг касбий маҳорати, бой ҳаётий ва меҳнат тажрибаларини сингдиришга имконият яратади. Бундан ташқари, юқори иш ҳақи ҳисобидан пенсияга чиққан фуқароларимизга муносиб пенсия миқдорини белгилаш орқали ижтимоий адолат принципини қарор топтириш мақсадида ушбу Фармонда пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача оширилиши ҳам белгиланди. Амалдаги тартибга асосан, юқори миқдорда ойлик иш ҳақи олувчи фуқароларга пенсияни ҳисоблашда фақат энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаригача бўлган даромади инобатга олиниб, ундан юқори қисми ҳисобга олинмас эди.
Мисол учун, ўртача ойлик иш ҳақи – 2200 минг сўм ва иш стажи 35 йил бўлган фуқарога амалдаги тартиб бўйича пенсия ҳисоблашда 1621 минг сўм (энг кам иш ҳақининг 8 баравари) инобатга олинган (қолган қисми, яъни 579 минг сўм ҳисобга олинмаган), шундан келиб чиқиб ушбу сумманинг 55 фоизи, яъни пенсиянинг таянч миқдори (891 550 сўм) белгиланиб, талаб этиладиган (25 йил) дан ортиқча ишлаган 10 йилнинг ҳар бир йили учун 1 фоиздан қўшимча ҳисоб-ланиб, пенсиянинг умумий миқдори 1 054 минг сўмни ташкил этар эди. Янги тартиб бўйича эса, ушбу фуқарога ўртача ойлик иш ҳақи 1621 минг сўм эмас, 2027 минг сўм (ЭКИҲнинг 10 баравари) миқдорида ҳисобга олинади. Бунда, пенсиянинг таянч миқдори 1115 минг сўмни, ортиқча ишлаган йиллар учун қўшимчани ҳисобга олган ҳолда пенсиянинг умумий миқдори 1317 минг сўмни ташкил этади ёки 263 минг сўмга ошади.
Шуни таъкидлаш керакки, бу Фармон нафақат 2019 йил 1 январдан кейин пенсияга чиқувчиларга, балки ушбу тоифага тушувчи яъни пенсия тайинлаш учун ўртача иш ҳақи ЭКИҲнинг 8 баробари ва ундан юқори иш ҳақи олиб, ҳозирги кунда пенсия олиб турган пенсионерларга ҳам татбиқ этилади ҳамда уларнинг пенсиялари қайта ҳисоблаб чиқилади.
Маъсумхон ХОЛМИРЗАЕВ,
бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи.

