«ЙЎЛ ХАРИТАСИ» БИЛАН КЕЛАЖАК САРИ
Ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ўқувчи-ёшларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларнинг бўш вақтларини унумли ташкил этиш мақсадида «Мен шу азиз Ватан фарзандиман!» шиори остида ўтказилаётган туркум маънавий-маърифий тадбирлар таъсирчанлиги ва сермазмунлиги билан барчада катта қизиқиш уйғотмоқда.
Уч босқичда: ота-она, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида ўтказилаётган тадбирлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилмоқда. Ўқитувчилар ўртасидаги «Китобхон ўқитувчи», «Энг намунали синф раҳбари» танловлари муаллимларни ўз устида ишлашга, кўпроқ изланишга ундамоқда.
Ота-оналар билан ташкиллаштирилган тадбирларда эса бугунги кунимизга шукроналик, глобаллашув даврида фарзанд тарбиясига жиддий эътибор билан ёндашиш, мафкуравий иммунитетни шакллантириш, фарзанд тарбиясида қийналаётган ота-оналарга психологик амалий ёрдам кўрсатиш эътиборимизда бўлди.
Ўқувчилар билан биргаликда амалга оширилаётган давра суҳбатлари, учрашувлар, туманимиз ва вилоятимизнинг диққатга сазовор жойларига уюштирилган саёҳатлар, турли мавзуларда ўқувчилардан олинган ёзма ишлар, спорт мусобақалари уларда ўзига, эртанги кунига бўлган ишонч, келажакка умид туйғулари шаклланишида амалий кўмак вазифасини ўтади.
«Йўл харитаси»да белгиланган тадбирларнинг амалдаги ижроси билан ёрқин келажак сари одимламоқдамиз.
Акмалжон ИСМОИЛОВ,
мактаб директори.

