«МАҲАЛЛА – МЕНИНГ ТАҚДИРИМДА»

Туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан ўтказилган ана шу номдаги кўрик-танловнинг туман босқичи бўлиб ўтди.

Унда Мустақиллик МФЙнинг «Мустақиллик», Ёркатай МФЙнинг «Ишонч», Тошлоқ МФЙнинг «Тошлоқ», Қумтепа МФЙнинг «Истиқбол ёшлар» жамоалари баҳслашдилар.

Танловдан «Оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлигининг аҳамияти» мавзусида слайд намойиши, ижтимоий-сиёсий билимлар бўйича савол-жавоб, «Маҳаллам – фахрим менинг», «Оммавий маданият» ниқоби остидаги хатарларнинг олдини олиш – давр талаби», «Ватан келажаги сенинг қўлингда», «Ёшлар тарбиясида маҳалланинг ўрни» мавзуларида иншо ёзиш каби шартлар ўрин олди. Ушбу шартларни тўлақонли бажарган Ёркатай МФЙнинг «Ишонч» жамоаси ғолиб деб топилди.

Танлов ғолиби ва барча иштирокчилар, фаол ташкилотчиларни туман ҳокимининг ўринбосари Раъно Назарова, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Ғанишер Жўраевлар қутлаб, диплом, эсдалик совғалари, китоблар топширишди.