НУРЛИ ҲАЁТ ЙЎЛИДА
Кейинги йилларда барча соҳалар қатори энергетика соҳасида ҳам бир қатор қарорлар ишлаб чиқилиб, ижроси амалга оширилмоқда. Тўрақўрғон тумани ҳудудида қурилаётган иссиқлик электр станцияси, Учқўрғон туманидаги кичик гидроэлектрстанция ёки Навоий вилояти ҳудудида қурилиши режалаштирилган атом электр станциялари бунга мисол бўла олади. Шунингдек, 2016 йил 23 ноябрь куни қабул қилинган «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада янгилаш ва реконструкция қилиш дастури тўғрисида»ги 2661-сонли қарор бўйича туманимизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Обод, Пастгузар, Хўжаобод, Янгичек, Дўстлик, Иттифоқ МФЙлари ҳудудларида жами 8 та трансформатор пункти, 24,9 км. узунликда 0,4-10 кВ.ли ҳаво тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди. Бундан ташқари, «Обод қишлоқ» дастури асосида туманимизнинг Ҳожиобод, Мевазор ва Деҳқон МФЙларида биттадан трансформатор пункти ва 0,4-10 кВ.ли ҳаво тармоқлари қуриб, ишга туширилди. Ушбу дастурга асосан Шифокор МФЙ ҳудудида қиш мавсумида зўриқиш билан ишлаб келган 233-сонли трансформатор пункти катта қувватли трансформаторга алмаштирилди. Корхонамиз ички имкониятидан келиб чиқиб, Шифокор, Дўстлик, Бўстон ва Пастгузар МФЙларидаги зўриқиш билан ишлаб келган трансформаторлар ҳам янгиланди. Истеъмолчилар мурожаатлари бўйича Соку, Оқтош, Шафтоли, Шифокор, Эзгулик МФЙларида ҳам қўшимча трансформатор пунктлари ва 0,4 кВ.ли ҳаво тармоқлари монтаж қилинди. Бу ишларни бажаришда корхонамиз ходимларидан модернизация устаси Абдулло Турсунов раҳбарлигидаги бригада аъзолари, электромонтёрлар Аъзамжон Усмонов, Санжар Садриддинов, Сайдулло Садриддинов, Аҳмаджон Алимсақов ва бошқалар фидойилик кўрсатдилар.
22 декабрь – «Энергетиклар куни». Фурсатдан фойдаланиб, чароғонлик улашиб келаётган нурчиларимизни касб байрамлари ва яқинлашиб келаётган Янги – 2019 йил билан чин дилдан қутлайман. Барчаларига оилавий тинчлик, бахт-саодат, сиҳат-саломатлик тилайман.
Бекзод БАҲРИДДИНОВ,
туман ЭТК бошлиғи.

