ЭЪЗОЗ ВА ЭҲТИРОМ

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан туман ҳокимлигининг мажлислар залида тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Уни туман ҳокимининг ўринбосари Аҳмаджон Улуғбоев очди ва бошқариб борди. Дастлаб туман ҳокими, туман  Кенгаши депутати Муҳаммадаюбхўжа Апақов мамлакатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Қишлоқ хўжалиги фахрийси, “Дўстлик”, «Фидокорона хизматлари учун» орденлари соҳиби Маҳмудилла Юнусов самимий тилаклар билдирди.

Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг қарорига асосан «Илғор фермер» кўкрак нишони билан тақдирланган «Уйчи миришкор қаноти» ММТП ҳудудидаги «Замин» фермер хўжалиги раҳбари Ҳошимжон Ибрагимовга кўкрак нишони ва эсдалик совғаси тантанали тарзда топширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги арафасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг «Маҳалла ифтихори»  кўкрак нишони билан тақдирланган Муборак МФЙ раиси Тоҳиржон Холмирзаев, Ёркатай МФЙ мутахассиси Муқаддасхон Халиловага эсдалик совғалари тақдим этилди.

Тантанали йиғилиш якунида қишлоқ хўжалиги соҳасида қўлга киритилаётган ютуқларга улкан ҳисса қўшаётган соҳа ходимлари, туман фаолларидан бир гуруҳига туман ҳокимлигининг совғалари топширилди.

Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан 15 декабрь куни «Хизробод» тантаналар мажмуасида бўлиб ўтган байрам концерти ва тақдирлаш маросими катта шодиёнага айланди. Туманимиз раҳбари табрик сўзида йил сарҳисоби ва келгусидаги муҳим вазифаларга тўхталиб, эзгу тилаклар билдирди. Қишлоқ хўжалигига дахлдор вилоят, тумандан бириктирилган ташкилотлар, сектор раҳбарлари, вакиллар, фаоллар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, соҳа илғорларидан бир гуруҳига қимматбаҳо совғалар топширилди. Белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони Зебо Носировага музлатгич, спортчи ёшлардан Моҳигул Ибрагимова, Муроджон Ҳамидовларга телевизор, ёш шахматчи Аҳадбек Юнусовга духовка совға қилинди. Туман ҳокимининг ўринбосари А.Улуғбоевга хизматда фойдаланиш учун «NEXIA-3», пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришган «Мустақиллик 7» фермер хўжалиги раҳбари Ш.Мамажоновга «Дамас» автомобилининг калити топширилди. Шунингдек, тадбир давомида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, ЎзЛиДеП туман кенгашининг совғалари пахта йиғим-теримида жонбозлик кўрсатган МФЙ, партия фаолларига тақдим этилди. Туман ФҲДЁ бўлими мудири Зумрат Қорабоеванинг кўп йиллик самарали меҳнатлари, туман ИИБнинг профилактика инспектори Олимжон Узоқов пенсияга чиқиши муносабати билан эътироф қилинди.

Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев эъзоз ва эҳтиром учун самимий миннатдорчилик билдирди.

Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари ижросидаги қўшиқлар барчага хушнудлик бахш этди.

Муҳаммадали ҚАМБАРОВ,

туман Кенгаши депутати.