БИР ОЛАМ ҚУВОНЧ

2018 йил 29 декабрь куни туман «Пахтакор» марказий ўйингоҳида, анъанага айланган ва йилдан-йилга сайқал топиб бораётган «Президент арчаси» байрам тадбири бўлиб ўтди.

Шу куни ўйингоҳ марказига туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан безатилган улкан арча туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги муассасаларда таҳсил олаётган болажонлар ва уларнинг ота-оналари, педагоглар вакилларини ўз атрофига жамлади.

Юз-кўзлари арча безакларига монанд қувончу шодликдан ёғдуланган ўғил-қизларни туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов табриклаб, эзгу тилаклар билдирди.

Янги йилга олам-олам орзу-ниятлар билан пешвоз чиқаётган 250 нафар ўғил-қизга Президент совғалари топширилди.

Болажонларга туман маданият бўлими қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли санъаткорлари, 13-болалар мусиқа ва санъат мактабининг истеъдодли қизларидан иборат «Шўх қизлар» рақс дастаси томонидан тайёрланган «Янги йил ҳангомалари» эртак-спектакли, байрам дастури завқ-шавқ улашди.

******

1-ихтисослашган мактабгача таълим муассасасида юз нафар кичкинтой тарбияланади. Асосан ақлий ва психик ривожланишдан ортда қолган болалар тарбияланаётган мазкур муассасада Янги йил шодиёнаси кўтаринки руҳда ва завқли ўтди. Севимли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги саргузаштлар, Қорбобо ва Қорқизнинг ташрифи болажонларга олам-олам қувонч бағишлади.

Байрам тадбирида туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов ва сектор раҳбарлари ҳам қатнашиб, жажжиларга Янги йил совғаларини улашдилар.