ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ ДОИРАСИДА
Туман марказий «Пахтакор» ўйингоҳида «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида мудофаа тизими мутахассислари «Мардлик ва жасорат» дарсларида кўплаб ёшларга ҳарбий қуроллар ва техникалар ҳақида батафсил маълумот беришди. Ушбу жанговар воситаларни нафақат яқиндан кўриш, балки улар билан бевосита танишиш имконига эга бўлган ёш йигит-қизларда кун келиб Ватан посбони бўлишдек эзгу орзу барқ уриши, шубҳасиз. Бу суҳбатлар улардаги жасоратни жўш урдириб, ватанпарварлик ҳиссини кучайтирди, десак янглишмаймиз.
«Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» шиори остида туман ҳокимлиги, туман мудофаа ишлари бўлими, Ўзбекистон МК «Ватанпарвар» ташкилоти тасарруфидаги туман ўқув спорт-техника клуби, Чуст туманидаги махсус ҳарбий отряд, «Миллий гвардия» томонидан ташкил этилган мазкур тадбирдан ҳам айни шу мақсад кўзланган аслида. Ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фаол ҳаётий позициясини мустаҳкамлаш, мамлакат келажаги учун фуқаролик масъулияти ҳиссини оширишга хизмат қилади бу ишлар.
-Биз ҳам бу тадбирда спортнинг техник турларидан картинг, мотоцикл, ҳаво милтиғидан ўқ отиш қуроллари билан иштирок этдик, -дейди туман ЎСТК бошлиғининг спорт ишлари бўйича ўринбосари Раҳимжон Шерматов. -2018 йил биз учун омадли келди. Спортнинг картинг тури бўйича жамоамиз билан Ўзбекистон чемпионатида фахрли 3-ўринни қўлга киритдик.
-«Мардлик ва жасорат» дарсларида қатнашиб, тасаввуримни янада бойитдим, -дейди 35-мактаб қошида очилган махсус ҳарбий «Академик плюс» гуруҳи ўқувчиси Абдулло Мадаминжонов. -Ҳарбий соҳага аввалдан қизиқишим баланд. Шу боис мактабимизда фаолият кўрсатаётган ҳарбийлашган махсус гуруҳга аъзо бўлганман. Келиб гувоҳи бўлдимки, ҳарбий техникалар кишини шошириб қўяди. Бу тадбир менда келгусида ҳарбий бўлиш, юртимизга садоқат билан хизмат қилишдек аҳдимни янада қатъийлаштирди.
Тадбир давомида туман маданият бўлимининг «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари томонидан концерт дастури намойиш этилди. Ватанни севишга ундовчи куй-қўшиқлар куйланди.
Тадбирда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Ҳамроқул Шукриллоев, Мудофаа вазирлиги вакиллари Равшанжон Дўстов, Неъматжон Бойматов, Ҳасанбой Хидировлар сўзга чиқишди. Туман ЎСТК ўқувчилари ва ҳарбийлар томонидан кўргазмали чиқишлар қилинди. Фаоллардан бир гуруҳига туман мудофаа ишлари бўлимининг фахрий ёрлиқлари топширилди.

