ҲАР КИМ ҚИЛСА, ЎЗИГА

Бундан 25 йиллар муқаддам қаламкаш Адҳам Каримовнинг «Бир гапим бор, уч тилло …» номли китобчаси чоп этилган бўлиб, ундан ўтмишдаги бир неча тарбиявий ривоятлар ўрин олган эди. Бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаганлиги боис улардан бирини газетхонларимиз эътиборига ҳавола этамиз. Юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз ўзларига зарур хулосалар ясашса, муродимиз ҳосил бўлади.

Ҳар ким қилса, ўзига. Қадимда қишлоқларнинг бирида девонасифат киши бўлиб, кўчаларни айланиб, «Ҳар ким қилса, ўзига», -деб юрар экан. Одамлар нон, ширинлик, мева чиқариб беришар, девона эса тўплаганларини кечқурун маҳалла болаларига бўлиб бераркан.

Кунларнинг бирида девона одатдагидай «Ҳар ким қилса, ўзига», -деб ўтиб қолибди. Бир аёл нон ёпаётган экан, девонанинг овозини эшитиб: «Шунинг овози жонга тегди. Овозини ўчирмасам бўлмайди», -деб битта нон хамирининг ичига маргимуш солиб пиширибди-да, девонага берибди.

Кечки пайт кўчада қий-чув кўтарилибди. Аёл чиқиб қараса, якка-ю ягона ўғли ўлиб ётганмиш. Девонага берган заҳарли нони ўғлига теккан экан.

Ҳа, азизлар, яхшиликка яхшилик, ёмонликка ёмонлик қайтиши, бу дунёда ҳеч бир амал жавобсиз қолмаслиги қадимдан аён. Шунинг учун яхшилик қилишдан тўхтаманг, ёмонликдан ҳазар қилинг.

Ўринбой МЎМИНОВ.