ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИ КУЧАЙТИРИЛАДИ
Элимизда дуога қўл очилса, энг аввал Яратгандан тинчлик, хотиржамлик сўралади. Боиси, қаерда тинчлик бўлса, тараққиёт бўлади, хотиржамлик бўлса, ишлар бароридан келаверади.
Дунёнинг етакчи давлатлари қаторига қўшилиш, мамлакатни обод, халқ турмушини фаровон қилиш орқали халқимизни энг бахтли халқ қилиш йўлида улуғвор ўзгаришлар амалга оширилаётган бир даврда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳамон содир этилаётгани бизнинг юрт учун нохосдир. Шунинг учун Президентимизнинг 2018 йил 24 декабрда «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 4075-сонли қарори қабул қилинди. Қарор 17 банддан иборат бўлиб, унда мамлакатимизда ҳозирга қадар тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида тизимли ва самарали чора-тадбирлар амалга оширилганлигини қайд этилган ҳолда ҳали эътибордан четда бўлган масала-муаммолар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.
Қарорнинг бош мақсади мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида ўрнатилган механизмларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашда жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда жамоатчилик тузилмаларининг куч ва воситаларини мувофиқлаштирган ҳолда сафарбар қилиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш соҳасида уларнинг масъулиятини оширишдан иборат, деб белгиланди.
Энди мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида:
-вилоят, шаҳар, туман ҳокимлари ҳар куни ўз ҳудудида сутка давомидаги крименоген вазият билан танишади, таҳлил этади, ҳуқуққа хилоф ишларга нисбатан чоралар қўллайди;
-ҳар ойда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари мажлисларида ҳисобот даври якунига кўра, жамоат хавфсизлигини таъминлаш натижаларини танқидий таҳлил этади, зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқади;
-«Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмалари раҳбарлари лавозимлари тугатилиб, ўрнига профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари лавозими жорий этилади;
-ҳар бир маҳаллада «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳлари шакллантирилади;
-Ички ишлар вазирлиги, вилоят (шаҳар) ички ишлар бошқармаларида жамоат хавфсизлигини таъминлашни рағбатлантириш жамғармалари ташкил этилади ва ҳ.к.
Қарорда, шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида фидокорлик кўрсатган ходимлар ва фуқароларни рағбатлантириш, касбий жанговар ва жисмоний тайёргарликларни самарали ташкил этиш, спорт базаларини шакллантириш, ўқув курслари, малака ошириш ишлари ва бошқа тадбирлар назарда тутилган.
Фазлиддин МУҲИДДИНОВ,
халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутати.

