КАТТА ҚИЗИҚИШ БИЛАН
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Унда иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, хусусан, «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб номланган 2019 йилда бажарилиши зарур бўлган энг муҳим устувор вазифалар белгилаб берилди. Ана шу вазифалар ҳар биримиз учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Айни пайтда жойларда Мурожаатномани ўрганишга бағишланган турли тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчилари, таълим муассасалари раҳбарлари, нуронийлар, маҳаллалар, ёшлар иттифоқи фаоллари, тадбиркорлар вакиллари қатнашдилар.
2019 йил – «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб номланиши 2018 йилда барча соҳаларда олиб борилган ишларни янада юксалтиришга, натижадорликка эришишга имкон беради. Илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини такомиллаштириш борасидаги масалаларга давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилаётгани бежиз эмас. Бу борада биз, партия вакиллари, депутатлар фаолликни янада кучайтиришимиз лозим. Ҳудудлардаги ижтимоий ҳолат рўй-рост ўрганилиб, ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадини ошириш борасида амалга оширадиган ишларимиз жуда ҳам кўп.
Шунингдек, халқимиз генофондини мустаҳкамлаш мақсадида тиббий хизматлар сифатини яхшилаш кўлами кенгайиши, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, хотин-қизлар, ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, арзон уй-жойлар билан таъминлаш, халқ билан узлуксиз мулоқот ва инсон манфаатлари учун хизмат қилиш барча даражадаги раҳбарлар учун нафақат мажбурият, балки ҳаётий тамойилга айланиши шарт.
Йиғилишда сўзга чиққанлар Мурожаатнома мазмун-моҳияти, аҳамиятини кенг тушунтириш, келгусидаги муҳим вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Фаридахон ОТАХОНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгаши раиси, туман Кенгаши депутати.

