МАСЪУЛИЯТСИЗ ОТАЛАР ҚИСМАТИ
Ҳамюртимиз Т.М. оз эмас, кўп эмас 10 йил алимент тўлашдан қочиб юрди. Қуруқ ваъдалар, бетўхтов алдовлар исканжасида қолиб кетган собиқ турмуш ўртоғи А.Н. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Бу пайтга келиб алимент пуллари 38 млн. 700 минг сўмдан ошиб кетганди.
Ушбу ҳуқуқбузарлик Учқўрғон туман маъмурий судининг Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган очиқ сайёр судида атрофлича ўрганиб чиқилди. Айбдор Т.М.га 15 суткалик қамоқ жазоси тайинланди. Энди қаҳрамонимизнинг ўз мажбуриятига муносабати ўзгаради. Зеро, ўзига тегишли хулоса чиқармаса, кейинги жазо тури кескинроқ бўлишини у яхши англаб етди. Аслида ўз зурриёдининг моддий таъминотидан бўйин товлаб, шармандагарчиликка йўлиқишдан ор қилишни ўрганса, фойдадан холи бўлмайди.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлардан бири кўриб чиқилган кейинги суд ишида хўжаободлик Д.Н.нинг 2 нафар фарзанди учун ундирилиши лозим бўлган 49 млн. 200 минг сўм алимент пулининг тақдиридир. Масъулиятсиз ота Д.Н. Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 47-моддаси 1-қисми билан жазога тортилди.
Шавкат КАРИМОВ,
Мажбурий ижро бюроси туман бўлими давлат ижрочиси.

