СУЛОЛА ДАВОМЧИСИ
Абдуғани Мўминов ва Манзурахон Мўминова (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) халқ таълими соҳасида кўп йиллар самарали фаолият кўрсатиб, элда эъзоз топган ҳамюртларимиздан бўлишган. Абдуғани ака бир неча йил «Нуроний» жамғармаси туман бўлимини ҳам бошқарганлар. Ҳар икки устоз оилада фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратишгани боис уларнинг аксарияти муаллимлик касбини эгаллашган.
Бугунги кунда 10-мактабда ёш авлодга таълим-тарбия бериб келаётган Моҳирахон Абдуллаева ҳам волидаси изидан бориб, бошланғич синф ўқитувчиси бўлди. Ўттиз йилдирки, мазкур таълим даргоҳида фидойи устоз сифатида ҳамкасблари, шогирдлари ҳурмат-эҳтиромига сазовор.
Моҳирахон ўзи билим бераётган 1-«А» синф ўқувчиларига худди ўзининг фарзандидек муносабатда бўлгани боис ота-оналарнинг ҳам устозга бўлган меҳрлари бўлакча. Буни синфдаги 32 нафар ўқувчининг ота-онаси ўқитувчи билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйганидан, болаларнинг ўқишга бўлган иштиёқи ортиб бораётганидан ҳам билса бўлади. Опа дарслардан ортиб, бир неча йил мактаб бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлиб фаолият кўрсатди.
Яқинда унга таълимдаги самарали меҳнатлари учун «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони топширилди. Устознинг бу муваффақияти жамоани ҳам севинтирди.
Жонкуяр устоз турмуш ўртоғи Асадулло ака билан вояга етказган фарзандлари Нусратилло, Дилмурод тадбиркор, Нодирахон, Дилшодбек эса олий таълим олишмоқда. 2019 йил ҳам куюнчак устозга омадли келишини тилаймиз.
Муҳаммад АЛИ.

