УМУМДАВЛАТ АКЦИЯСИ

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги ПФ-5421-сонли Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарорида мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди ва у 2019 йил 1 майга қадар давом этиши белгиланди. Мазкур қарор ижроси бўйича Низом ва ижро этувчи Республика, вилоят, туман (шаҳар) комиссиялари таркиби тасдиқланди.

Республика комиссиясининг асосий вазифалари:

-кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссияларининг ишини «республика-вилоят-туман (шаҳар)» уч поғонали принцип бўйича мувофиқлаштириш ва назорат қилиб бориш;

-мазкур Комиссия ишчи органи ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) комиссияларининг фаолиятига ташкилий-техник ҳамда услубий кўмаклашиш;

-кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) комиссиялари қароридан норози бўлган шахслар мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва ҳал этиш.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларининг асосий вазифалари:

-кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари қарорларидан норози бўлган шахсларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва ҳал этиш;

-туман (шаҳар) комиссиялари томонидан мурожаатларни кўриб чиқишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида доимий назорат қилиб бориш.

Туман (шаҳар) комиссияларининг асосий вазифалари:

-бир марталик акция доирасида кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш учун тақдим этилган мурожаатларни кўриб чиқиш ва унинг натижалари бўйича тегишли хулоса бериш;

-бир марталик акция доирасида кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш учун тақдим қилинган мурожаатларни кўриб чиқишда мазкур комиссиялар аъзолари томонидан тегишли кўчмас мулк  объектини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишларини ташкил этиш;

-кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этишга тўсқинлик қилаётган ҳолатларни ва бошқа камчиликларни бартараф этиш бўйича мурожаат этувчига тавсиялар бериш.

Давлат хизматлари марказлари ва кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари аъзолари ўртасида ахборот алмашиш идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали амалга оширилади.

Жисмоний шахс (унинг қонуний вакили) ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун иморат жойлашган  ҳудуддаги давлат хизматлари маркази орқали туман (шаҳар) ҳокимига қуйидаги ариза билан мурожаат қилади:

-мурожаат этувчининг паспорт нусхаси;

-мурожаат этувчининг оила аъзолари ҳақида ҳамда ер участкасига эгалик қилган муддатлари ва иморат қурилган вақт тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномалари.

Мурожаат этувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни, шунингдек, бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.

Мурожаат этувчи аризани ўз имзоси билан тасдиқлайди.

Ариза рўйхатдан ўтказилгандан сўнг Давлат хизматлари маркази ходими мурожаат этувчига ариза олингани тўғрисида тилхат беради ёки рўйхатдан ўтказиш рақамини кўрсатган ҳолда ариза нусхасида унинг қабул қилингани тўғрисида тегишли ёзувни қайд этади.

Комиссия аъзолари ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганиш жараёнида Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги 251-сонли қарори билан тасдиқланган «2016-2017 йиллар даврида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ ўтказилган кўчмас мулк объектларининг хатлови натижалари бўйича йиғилган маълумотлардан фойдаланишлари мумкин.

Муаямхон НИШОНОВА,

Наманган вилоят «Ермулккадастр» ДК юридик хизмат бўлими ходими, ҳуқуқшунос,

Икромжон ПУЗАЛОВ,

Уйчи филиали раҳбари.