ЯНГИ БОҒЧАЛАР ОЧИЛСА…
Вазирлар Маҳкамасининг 244-сонли қарорига мувофиқ, мактабгача таълим муассасаларини ривожлантириш, уларда болажонларимиз учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тарбия жараёнларини такомиллаштириш борасидаги ишлар тобора қизғин тус олмоқда. Икки йил олдин ҳувиллаб қолган, штатлар қисқарган масканлар яна жажжилар билан тўлмоқда. Болаларни боғчада тарбиялаш ва у ерда ишлаш учун талаблар ортиб бормоқда. Талаби қондирилмаган фуқароларимиз юқори идораларга мурожаат қилишяпти.
Бу борада туманимиздаги реал ҳолат билан фуқароларимизни таништириш зарурати туғилгани боис шу ҳақда маълумот бермоқчимиз. Бугунги кунда туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 42 та муассасада жами 1317 иш ставкаси бўлиб, уларда 2047 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 42 ставка мудира, 587 педагог иш ставкасида 812 нафар педагог, 52 ҳамшира иш ставкасида 76 нафар ҳамшира, 269 ёрдамчи тарбиячи иш ставкасида 551 нафар ходим, 367 техник ходим иш ставкасида 566 нафар ходим ишламоқда. Кўриниб турибдики, бир ставка иш ўрнида деярли икки киши ишламоқда. Шу сабабли боғчаларга янги ходим қабул қилиш имконияти деярли йўқ. Баъзан ҳатто бола парвариши таътилида бўлган ходимларимиз таътил тугагач, ўз иш ўринларига қайтишларида ҳам муаммолар пайдо бўлмоқда. Шу боис болалар муассасаларига янги ходим қабул қилиш имконияти ҳозирча чекланганлигини маълум қиламиз.
Ҳукуматимиз боғча ёшидаги болаларни МТМларга қамраб олиш даражасини ўстириш чора-тадбирларини белгиламоқда. Туманимизда янги боғчалар очилса, иш ўринлари кўпаяди ва янги ходимларни ишга қабул қилиш имкониятлари кенгаяди.
Жасурбек АКБАРОВ,
туман мактабгача таълим бўлимининг кадрлар бўйича мутахассиси.

